ССПда «Фаолиятини эндигина бошлаган тадбиркорлар учун бепул 1UZ – Бухгалтерия»нинг тақдимоти ўтказилади
«Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар» дастури доирасида жорий йилнинг 29 декабрь куни соат 10:00 да Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида «Фаолиятини эндигина бошлаган тадбиркорлар учун бепул 1UZ – Бухгалтерия»нинг тақдимоти режалаштирилган.
Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад ёш тадбиркорларнинг иш фаолиятида бухгалтерлик ҳисобини юритиш, солиқ, статистика ва бошқа ҳисоботларнинг топширилишига оид муаммоларни ўрганиш, шунингдек, уларни масофадан туриб «1UZ – Бухгалтерия» бепул дастури ёрдамида бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Мазкур тадбирнинг аҳамиятли томони шундаки, мамлакатимизда 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Cавдо-саноат палатаси ва “BeProNorma” дастурловчилар маркази томонидан фаолиятини эндигина бошлаган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари бухгалтерлик ҳисобини юритишда хатоларга йўл кўймаслик ҳамда солиқ, статистика ва бошқа ҳисоботларни ўз вақтида топширишлари учун «1UZ – Бухгалтерия» дастури бепул тақдим этилади.
Тадбирда вазирлик ва идоралар, мутасадди ташкилот вакиллари, шунингдек фаолиятини эндигина бошлаган ёш тадбиркорлар иштирок этадилар.
Тадбир ўтказилиш жойи: 29.12.16, соат 10:00 да, ЎзССП биноси
ЎзССП Матбуот хизмати
27.12.2016
15:51