«1UZ Бухгалтерия. Мини» миллий дастурининг бепул версияси тақдимоти ўтказилди
2016 йил 29 декабрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, «BePro Norma» МЧЖ томонидан ва «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати кўмагида бухгалтерия ҳисоботини юритиш учун мўлжалланган «1UZ Бухгалтерия. Мини» миллий дастурининг бепул версияси тақдимоти ўтказилди. Бу – Ўзбекистоннинг барча ёшлари, энди фаолиятини бошланган тадбиркорлар, бухгалтерлар, талабалар ва ўқув марказлари учун Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва «BePro Norma» компанияси туҳфаси бўлди.
Қайд этиш жоизки, юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб имтиёз ва преференциялар берилаётгани ушбу тармоқнинг иқтисодиётимиздаги улуши тобора ортишига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиёти ривожланишида муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, мазкур секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан 54,6 фоизгача ўсди. Бундай ўсишга мамлакатимиз раҳбарияти томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор сабаб бўлди.
Республикани ривожлантириш учун кичик бизнес секторининг аҳамиятидан келиб чиқиб, шунингдек, бухгалтерия соҳасида ҳисобга олиш ва назорат қилиш учун дастурий ечимларни яратиш борасида «BePro Norma» тўплаган тажрибани ҳисобга олган ҳолда, компания иқтисодиётнинг мазкур сектори ривожланишига ўз ҳиссасини қўшишга қарор қилди. Ушбу мақсадда компания тадбиркорлар, бухгалтерлар, талабалар эътиборига мутлақо бепул тақдим этиладиган «1UZ Бухгалтерия. Мини» дастурий таъминотини таклиф қилди.
Бугунги кунда ҳар қандай корхона бухгалтерия ҳисобини автоматлаштиришга катта эҳтиёж сезади. Замонавий бухгалтерия дастурлари маълумотлар базасини яратиш ва унинг асосида турли мураккабликдаги бухгалтерия ҳисоботларини шакллантириш имконини беради, ҳисобда хатога йўл қўймасликда, иш вақтини тежашда, зарур ахборотни тезкор равишда олишда ёрдам беради. Дастурни танлашда у қайси корхонага: кичик, ўрта ёки йирик корхонага мўлжалланганини ҳисобга олиш, унинг қай соҳага тегишлилигига эътибор қаратиш зарур.
Ғарбдаги, россиялик ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бухгалтерия ҳисобини юритиш учун дастурларни кўп миқдорда ишлаб чиққанлар. Алоқа ва ахборотга ишлов берувчи замонавий тизимларга асосланган йирик, кўпчилик фойдаланишига мўлжалланган тизимлар ном чиқарган. Улар бухгалтерлар жамоасига ҳисобнинг бир-бирига боғлиқ участкаларини бир вақтда юритиш имконини беради, корхона раҳбариятига эса оқилона бошқарув қарорларини қабул қилиши учун ишончли ахборотни тезкор равишда олиш имконини беради. Баъзи йирик корхоналаримиз, аввало чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналаримиз бухгалтерия ҳисобини автоматлаштиришнинг хорижий дастурий воситаларини муваффақиятли қўллаб келмоқдалар. Бир томондан бунинг сабаби аён, зеро уларнинг ишлаб чиқувчилари бугунги кунда бозоримизда йирик корхоналар учун энг замонавий, янги технологик асосга қурилган комплекс ечимларни таклиф этмоқдалар.
Бироқ, кўпгина афзалликларига қарамай, бошқарув ва бухгалтерия ҳисобини автоматлаштириш хорижий тизимларининг маҳаллий бозорда кенг тарқалишига уларнинг қуйидаги жиҳатлари тўсқинлик қилмоқда:
● ўн ва юз минглаб, баъзан миллионлаб долларни ташкил этувчи юқори харид қиймати;
● ўқитиш ва кузатишнинг қимматлиги. Бунда қонун ҳужжатларидаги ўзгартишларни ҳисобга олиш ишлаб чиқувчи фирмаларнинг ўзимиздаги ваколатхоналари мутахассислари томонидан дастурларга узоқ вақт (2 ойдан 3 ойгача) қўшимча ишлов берилишини талаб этади;
● узоқ муддат – ярим йил ва ундан ортиқ вақтда жорий этилиши;
● профессионал дастурчи томонидан фойдаланувчининг аниқ эҳтиёжларига мослаштирилиши ва тузатиш киритилиши талаб этилиши;
● маҳаллий ҳисоб юритиш амалиёти шароитларига ва хўжалик юритиш хусусиятларига мослаштиришнинг мушкуллиги, сабаби уларда бизнес юритишнинг ўзига хослиги ва миллий қонун ҳужжатларининг хусусиятлари ҳисобга олинмайди.
Ғарбдаги, Россия ва миллий бухгалтерия ҳисобини юритиш тизимида жиддий тафовут борлиги сабабли сўнгги омилни кўпинча енгиб ўтиш мушкул бўлади.
Республикамизда хорижлик ишлаб чиқувчилар яратган дастури ва унинг модуллари кенг танилган. Бироқ айрим маҳаллий компаниялар ва дастурчилар ўхшаш маҳсулотларни ишлаб чиқаётганликларидан ҳамма ҳам хабардор эмас. Бундай ҳолларда лицензия ҳақида сўз юритилмаслиги табиий, бу вазиятда қонун бузилади, янгилаш ва сервис хизмати кўрсатиш имконияти бўлмайди, шунингдек функционаллик чекланади. Кичик бизнес учун мўлжалланган «1UZ Бухгалтерия. Мини» маҳаллий дастури эса Ўзбекистон қонун ҳужжатларига мослаштирибгина қолинмай, балки унинг асосида яратилган. Ундан фойдаланиш осон, ўзбек ёки рус тилларидаги қулай интерфейсга эга, имкониятлари бўйича хорижий аналогларидан деярли қолишмайди, ўз функционалини такомиллаштирган ҳолда мунтазам ривожланмоқда. «1UZ» ишлаб чиқувчилари нафақат бухгалтерияни автоматлаштириш, балки сервис хизмати кўрсатиш, ўз вақтида янгилаш, ва ҳисоботлар таквимининг мавжудлиги, бевосита мулоқот орқали маслаҳат бериш каби муаммоларнинг ечимини ҳам тақдим этадилар. Бунинг устига, мазкур дастурнинг тўлақонли юкланувчи бепул версияси тадбиркорларга унинг афзалликларини кўриш ҳамда сифатли лицензион дастур соҳибига айланиш ва ишлаб чиқувчи билан ҳамкорликни давом эттириш хусусида якуний қарор қабул қилиш имконини беради.
“1UZ Бухгалтерия. Мини” дастурини http://www.1uz.uz/mini ҳаволаси орқали бепул юклаб олишингиз мумкин.
Дастур ҳақидаги батафсил маълумот учун http://1uz.uz/uz/ сайти ва (+998 71) 230-21-12 телефон рақамларига мурожаат этинг.
ЎЗССП Матбуот хизмати
29.12.2016
11:38