Financial Times Ўзбекистонни туризм учун «қайноқ» йўналишлар рўйхатига киритди
Катта таъсир кучига эга Financial Times газетаси 2017 йилдаги энг «қайноқ» сайёҳлик йўналишлари рўйхатини эълон қилди. Ушбу рўйхатдан Ўзбекистон ҳам жой олди. Жаҳон сайёҳлик саноатининг етакчи компаниялари тавсия этган топ-9 йўналишга Непал, Кения, Финляндия, Андаман ороллари, Буюк Британия, Мадагаскар, Камбоджа ва Янги Зеландия ҳам киритилган.
«Биз мижозларимиз — беби-бумерлар авлоди (1943−1963 йилларда таваллуд топганлар — таҳ.) — саргузашт туризмини маъқул кўриб, ноёб жойларга узоқ муддатли саёҳатларни жўнашини тез-тез кузатамиз. Айни пайтда Ипак йўли мамлакатлари энг қайноқ йўналиш бўлиб қолмоқда», — деди Wild Frontiers сайёҳлик оператори вакили Жонни Билби.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон жозибардорлигининг ортишига сўнгги вақтларда Ипак йўли тўғрисидаги китоблар ва телевизион дастурларнинг пайдо бўлиши, шу жумладан, BBC ва Discovery каналлари катта таъсир кўрсатган.
Ўзбекистон бутун Ипак йўли мамлакатлари бўйлаб узоқ саёҳатга чиқа олмайдиганлар учун жуда мақбул мамлакатдир. Бу ерда мазкур йўналиш учун хос бўлган жиҳатлар, жумладан, Хива, Бухоро ва Самарқанд каби қадимий савдо шаҳарларининг масжидлари, мақбара ва миноралари бир жойга жам бўлган, деб қайд этади нашр.
Яқин-яқингача Ўзбекистонга сайёҳлар оқимининг ортишига виза олиш тартибларининг мураккаблиги ёки миллий байрамлар вақтида чегараларнинг тўсатдан ёпилиб қолиши каби чекловлар тўсиқ бўлар эди. Бироқ сўнгги ойларда мамлакат очилишни бошлаётганидан дарак берувчи аломатлар кўзга ташланмоқда, деб ёзади газета. Президент Шавкат Мирзиёевнинг сайёҳлик соҳасини ривожлантиришни тезлаштириш тўғрисидаги яқинда эълон қилинган фармони улардан бирига мисол бўлади. Унга кўра, 1 апрелдан Ўзбекистонга туризм мақсадида ташриф буюрувчи 15 мамлакат фуқаролари ҳамда 12 мамлакатдан бўлган 55 ёшга етган сайёҳлар учун виза тартиби бекор қилинади.
Манба:www.gazeta.uz
29.12.2016
15:25