ҚҲТБТ порталида “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Президент Фармонининг лойиҳаси чоп этилди
ҚҲТБТ порталида “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Президент Фармонининг лойиҳаси чоп этилди
Қайд этилишича, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси (кейинги ўринларда – Ҳаракатлар стратегияси) аҳоли ва тадбиркорларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган. бешта устувор йўналиш қуйидагиларни назарда тутади:
- давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш;
- қонун устуворлиги ва суд-ҳуқуқ тизимининг янада ислоҳ этилишини таъминлаш;
- иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш;
- ижтимоий соҳани ривожлантириш;
- хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни янада кучайтириш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни юритиш.
Лойиҳага биноан, ҳар бир йўналиш эълон қилинадиган йил номига мувофиқ равишда ҳар йилги алоҳида Давлат дастури доирасида амалга оширилади. Жорий йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниганидан келиб чиқиб, лойиҳада 2017 йил учун мўлжалланган тегишли давлат дастури тақдим этилган.
Лойиҳада Стратегияни амалга ошириш бўйича Миллий комиссия, шунингдек, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, Стратегияда кўзда тутилган ҳаракатларни амалга ошириш бўйича комиссиянинг ташкил этилиши назарда тутилган. Комиссиялар зиммасига Давлат дастурига киритилган тадбирлар тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш ва назорат қилиш, шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясини 2018-2021 йилларда амалга ошириш бўйича тегишли йиллик Давлат дастурлари лойиҳаларини тайёрлаш вазифаси юкланади.
Манба: Norma.uz
ҚҲТБТ – қонунчилик ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими
19.01.2017
11:16