Президент Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясини тасдиқлади
Ўзбекистон Президенти 7 февраль кунги фармони билан 2017−2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини тасдиқлади. Бу ҳақда «Ўзбекистон» телеканалининг «Ахборот» дастурида маълум қилинди.
Стратегия лойиҳаси долзарб ҳамда аҳоли ва тадбиркорларни ташвишга солаётган масалаларни комплекс ўрганиш, қонунчилик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш амалиёти ва хорижий тажрибани таҳлил қилиш якунлари бўйича ишлаб чиқилди. Ҳужжат интернетда эълон қилиниб, экспертлар ва жамоатчиликнинг кенг муҳокамасидан ўтди.
Ҳаракатлар стратегияси беш босқичда амалга оширилиб, уларнинг ҳар бири бўйича йил номланишидан келиб чиққан ҳолда алоҳида бир йиллик давлат дастурини тасдиқлашни назарда тутади. Хусусан, 2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинди.
2017−2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантириш ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналиши (қуйида — янада батафсил)
давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, «Электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари
ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш;
қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга йўналтирилган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарасини ошириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар сифатини тубдан яхшилаш;
иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришга йўналтирилган макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш бўйича институционал
ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этиш;
ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш;
хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга йўналтирилган давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш.
Фармон билан 2017−2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия, шунингдек устувор йўналишларни амалга ошириш бўйича комиссиялар ташкил этилди. Миллий комиссияга президентнинг ўзи бошчилик қилади.
Ҳужжатда ҳаракатлар стратегиясини ўз вақтида ва самарали амалга ошириш барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг бирламчи вазифаси ва бош устувор йўналиши ҳисобланиши белгиланди.
Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун масъул давлат органлари ва ташкилотларга жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйишнинг янги, самарали механизм ва усулларини жорий этиш, мансабдор шахсларнинг аҳоли олдида ҳисобот бериши тизимини амалда татбиқ этиш, шу асосда халқнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратиш топширилди.
Фармонда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда бюрократик тўсиқ ва ғовлар яратилишига, аҳоли билан мулоқот жараёнини кампаниябозликка айланишига йўл қўймаслиги қайд этилди. Бундан ташқари, давлат дастури доирасида ўтказилаётган тадбирларнинг очиқлиги, уларда фуқаролар, барча даражадаги давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нуронийлар, хотин-қизлар, ёшлар, ижодий ва илмий муассасалар вакилларининг кенг иштирок этишини таъминлаш белгиланган.
2017−2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси
I. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари
1.1. Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш:
- давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш;
- қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини қабул қилинаётган қонунларни амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтиришга йўналтирган ҳолда тубдан ошириш;
- сиёсий тизимни ривожлантириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш.
1.2. Давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш:
- давлат бошқаруви ва давлат хизмати тизимини давлат бошқарувини марказлаштиришдан чиқариш, давлат хизматчиларининг касбий тайёргарлик, моддий ва ижтимоий таъминот даражасини ошириш ҳамда иқтисодиётни бошқаришда давлат иштирокини босқичма-босқич қисқартириш орқали ислоҳ қилиш;
- мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича вазифаларни амалга оширишда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг самарасини оширишга қаратилган давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этиш;
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига оид ахборотни тақдим қилишнинг замонавий шаклларини жорий этиш;
- «Электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари кўрсатишнинг самараси, сифатини юксалтириш ва бу хизматдан ва аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан фойдаланиш имкониятини ошириш.
1.3. Жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштириш:
- халқ билан самарали мулоқот механизмларини жорий этиш;
- жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, ижтимоий шерикликнинг самарасини ошириш;
- фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш;
- маҳалла институтининг жамият бошқарувидаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини ошириш;
- оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш, журналистларнинг профессионал фаолиятини ҳимоя қилиш.
II. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари
2.1. Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштириш:
- судьялар ва суд аппарати ходимларининг мавқеини, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминот даражасини ошириш, судларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
- судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишга йўл қўймаслик бўйича таъсирчан чоралар кўриш;
- суднинг мустақиллиги ва беғаразлиги, суд процесси томонларининг тортишуви ва тенг ҳуқуқлик тамойилларини ҳар томонлама татбиқ этиш;
- «Хабеас корпус» институтини қўллаш соҳасини кенгайтириш, тергов устидан суд назоратини кучайтириш;
- судларни янада ихтисослаштириш, суд аппаратини мустаҳкамлаш;
- судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш.
2.2. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш:
- фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида ҳал этиш, мурожаатларни кўриб чиқишда сансалорлик, расмиятчилик ва лоқайд муносабатда бўлиш ҳолатларига йўл қўйганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш, шунингдек, бузилган ҳуқуқларни тиклашнинг барча зарур чораларини кўриш;
- суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш;
- фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш кафолатларини мустаҳкамлаш;
- фуқароларнинг одил судловга тўсқинликсиз эришишини таъминлаш;
- суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижроси самарадорлигини ошириш.
- 2.3. Маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигини такомиллаштириш:
- жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш
- ва либераллаштириш, алоҳида жиноий қилмишларни декриминаллаштириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тартибини инсонпаpваpлаштириш;
- одил судловни амалга ошириш самарадорлиги ва сифатини яхшилаш, маъмурий, жиноят, фуқаролик ва хўжалик суд иш юритувининг процессуал асосларини такомиллаштириш;
- жиноят, фуқаролик ва хўжалик ишларини кўриб чиқиш тартибини такомиллаштириш, бир-бирини такрорлайдиган ваколат ва инстанцияларни қисқартириш;
- электрон тартибда суд ва ижро ишини юритишнинг замонавий шакл ва усулларини жорий этиш.
2.4. Жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш:
- жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштиришнинг самарадорлигини ошириш;
- диний экстремизм ва терроризмга, уюшган жиноятчиликнинг бошқа шаклларига қарши курашиш бўйича ташкилий-амалий чораларни янада кучайтириш;
- коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш тадбирларининг самарадорлигини ошириш;
- аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, бу борадаги чора-тадбирларни амалга оширишда давлат тузилмаларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро самарали ҳамкорлигини ташкил этиш.
2.5. Суд-ҳуқуқ тизимида қонунийликни янада мустаҳкамлаш:
- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар ишини самарали режалаштириш ва унинг натижаларини таҳлил қилиш, тизимли ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ҳамда уларнинг сабаб ва омилларини бартараф этиш;
- суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар ходимларини ўқитиш, танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ротация қилиш тизимини такомиллаштириш;
- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар ходимлари орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, профилактика қилиш ва бартараф этиш бўйича идоравий назоратнинг замонавий механизмларини жорий этиш;
- ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар фаолияти устидан жамоатчилик назорати механизмлари самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш.
2.6. Юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш:
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг юридик хизмати фаолияти самарадорлигини ошириш;
- адвокатура институтини ривожлантириш, жиноят, фуқаролик, маъмурий ва хўжалик ишларини кўриб чиқишда адвокатларинг ўрни ва нуфузини ошириш;
- нотариат ва фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органлари тизимини ислоҳ қилиш.
III. Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишари
3.1. Макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш:
- макроиқтисодий мутаносибликни сақлаш, қабул қилинган ўрта муддатли дастурлар асосида таркибий ва институционал ўзгаришларни чуқурлаштириш ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг юқори ўсиш суръатларини таъминлаш;
- ҳаражатларнинг ижтимоий йўналтирилганинини сақлаб қолган ҳолда, Давлат бюджетининг барча даражаларида мутаносиблигини мувозанатни сақлаш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлашга йўналтирилган бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш;
- илғор халқаро тажрибада қўлланиладиган инструментлардан фойдаланган ҳолда пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш, шунингдек валютани тартибга солишда замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш;
- солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш йўлини давом эттириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва рағбатлантиришнинг тегишли чораларини кенгайтириш;
- банк тизимини ислоҳ қилиш, банклар депозит базасининг капитализациясини чуқурлаштириш ва барқарорлигини ошириш, уларнинг молиявий барқарорлигини ва ишончлигини мустаҳкамлаш, истиқболли инвестициоявий лойиҳалар ҳамда кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини кредитлаштиришни янада кенгайтириш;
- суғурта, лизинг ва бошқа молиявий хизматларнинг хажмини уларнинг янги турларини жорий қилиш ва сифатини ошириш ҳисобига кенгайтириш, шунингдек фонд бозорини капитални жалб қилиш ҳамда корхона, молиявий институтлар ва аҳолининг эркин ресурсларини жойлаштиришдаги муқобил манба сифатида ривожлантириш;
- халқаро иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, етакчи халқаро ва хорижий молиявий институтлар билан алоқаларни кенгайтириш, пухта ўйланган ташқи қарзлар сиёсатини амалга оширишни давом эттириш, жалб қилинган хорижий инвестиция ва кредитлардан самарали фойдаланиш.
3.2. Таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига унинг рақобатбардошлигини ошириш:
- миллий иқтисодиётнинг мутаносиблиги ва барқарорлигини таъминлаш, унинг таркибида саноат, хизматлар кўрсатиш соҳаси, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушини кўпайтириш;
- ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, ишлаб чиқариш, транспорт-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган фаол инвестиция сиёсатини олиб бориш;
- саноатни юқори технологияли қайта ишлаш тармоқларини, энг аввало, маҳаллий хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича жадал ривожлантиришга қаратилган сифат жиҳатидан янги босқичга ўтказиш орқали янада модернизация ва диверсификация қилиш;
- иқтисодиёт тармоқлари учун самарали рақобатбардош муҳитни шакллантириш ҳамда маҳсулот ва хизматлар бозорида монополияни босқичма-босқич камайтириш;
- принципиал жиҳатдан янги маҳсулот ва технология турларини ўзлаштириш, шу асосда ички ва ташқи бозорда миллий товарларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш;
- ишлаб чиқариш маҳаллийлаштиришни рағбатлантириш сиёсатини давом этиш ҳамда, энг аввало, истеъмол товарлар ва бутловчи буюмлар импортининг ўрнини босиш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш;
- иқтисодиётда энергия ва ресурслар сарфини камайтириш, ишлаб чиқаришга энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларида меҳнат унумдорлигини ошириш;
- эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналарни ташкил этиш, фаолият кўрсатаётган зоналарнинг самарадорлигини ошириш;
- хизматлар кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш, ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда хизматларнинг ўрни ва улушини ошириш, кўрсатилаётган хизматлар таркибини, энг аввало, хизматларнинг замонавий юқори технологик турлари ҳисобига тубдан ўзгартириш;
- туризм индустриясини жадал ривожлантириш, иқтисодиётда унинг роли ва улушини ошириш, туристик хизматларни диверсификациялаш ва сифатини яхшилаш, туризм инфратузилмасини кенгайтириш;
- экспорт фаолиятини либераллаштириш ва соддалаштириш, экспорт таркибини ва географиясини диверсификация қилиш, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва сафарбар этиш;
- йўл-транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш, иқтисодиёт, ижтимоий соҳа, бошқарув тизимига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш.
3.3. Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш:
- таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини изчил ривожлантириш, мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аграр секторнинг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада ошириш;
- пахта ва бошоқли дон экиладиган майдонларни қисқартириш, бўшаган ерларга картошка, сабзавот, озуқа ва ёғ олинадиган экинларни экиш, шунингдек, янги интенсив боғ ва узумзорларни жойлаштириш ҳисобига экин майдонларини янада оптималлаштириш;
- фермер хўжаликлар, энг аввало, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан бир қаторда, қайта ишлаш, тайёрлаш, сақлаш, сотиш, қурилиш ишлари ва хизматлар кўрсатиш билан шуғулланаётган кўп тармоқли фермер хўжаликларини рағбатлантириш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, ярим тайёр ва тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича энг замонавий юқори технологиялар асосида асбоб-ускуналар билан жиҳозланган янги қайта ишлаш корхоналарини қуриш, мавжудларини реконструкция ва модернизация қилишга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва сотиш, агрокимё, молиявий ва бошқа замонавий бозор хизматлари кўрсатиш инфратузилмасини тармоқларини янада кенгайтириш;
- суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш, мелиорация ва ирригация объектлари тармоқларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш соҳасига интенсив усулларни, энг аввало, сув ва ресурсларни тежайдиган замонавий агротехнологияларни жорий этиш, унумдорлиги юқори бўлган қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланиш;
- юқори маҳсулдорликка эга, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, маҳаллий ер-иқлим ва экологик шароитларга мослашган қишлоқ хўжалиги экинларининг янги селекция навларини ҳамда ҳайвонот турларини яратиш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш;
- глобал иқлим ўзгаришлари ва Орол денгизи ҳалокатининг қишлоқ хўжалиги ривожланиши ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолиятига салбий таъсирини юмшатиш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш.
3.4. Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва уни устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантиришга қаратилган институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш:
- хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва кафолатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, барча турдаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес ривожига тўлиқ эркинлик бериш, «Агар халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва кучли бўлади» деган принципни амалга ошириш;
- кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенг ривожлантириш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик тузилмаларининг фаолиятига давлат, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ноқонуний аралашувларнинг қатъий олдини олиш;
- давлат мулкини хусусийлаштиришни кенгайтириш ва унинг тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, хўжалик юритувчи субъектларнинг устав жамғармаларида давлат иштирокини камайтириш, давлат мулки хусусийлаштирилган объектлар базасида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
- инвестиция муҳитини такомиллаштириш, мамлакат иқтисодиёти тармоқларига ва ҳудудларига хорижий, энг аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш;
- корпоратив бошқарувнинг замонавий стандарт ва усулларини жорий этиш, корхоналарни стратегик бошқаришда акциядорларнинг ролини кучайтириш;
- тадбиркорлик субъектларининг муҳандислик тармоқларига уланиши бўйича тартиб-таомилл ва механизмларни такомиллаштириш ва соддалаштириш;
- ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёнларини тартибга солишда давлат иштирокини камайтириш, давлат бошқаруви тизимини марказлаштиришдан чиқариш ва демократлаштириш, давлат-хусусий шерикликни кенгайтириш, нодавлат, жамоат ташкилотлари ва ўзини ўзи бошқариш органларининг ролини ошириш.
3.5. Вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали ва оптимал фойдаланиш:
- ижтимоий-иқтисодий ривожланишни жадаллаштириш, халқнинг турмуш даражаси ва даромадларини ошириш учун ҳар бир ҳудуднинг табиий, минерал-хомашё, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва меҳнат салоҳиятидан комплекс
- ва самарали фойдаланишни таъминлаш;
- ҳудудлар иқтисодиётини модернизация ва диверсификация қилиш кўлламини кенгайтириш, ривожланиш даражаси нисбатан паст бўлган туман ва шаҳарларни, энг аввало, саноат ва экспорт салоҳиятини ошириш йўли билан жадал ривожлантириш ҳисобига минтақалар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасидаги фарқларни камайтириш;
- янги саноат корхоналари ва сервис марказларини ташкил этиш, кичик саноат зоналарини ташкил қилиш, йирик хўжалик бирлашмаларининг маблағларини, банкларнинг кредитларини ва хусусий хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига кичик шаҳарлар ва шаҳарчаларни жадал ривожлантириш;
- субвенцияга қарам туман ва шаҳарларни камайтириш, саноат ва хизматлар кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш ҳисобига маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш;
- саноат корхоналари ва бошқа ишлаб чиқариш объектларини жойлаштиришга қулай шарт-шароитлар яратиш, хусусий тадбиркорликни кенг ривожлантириш ҳамда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида ҳудудларнинг ишлаб чиқариш, муҳандис-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма тармоқларини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш.
IV. Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари
4.1. Аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириш:
- аҳолининг реал пул даромадларини ва харид қобилиятини ошириш, кам таъминланган оилалар сонини ва аҳолининг даромадлари бўйича фарқланиш даражасини янада камайтириш;
- бюджет муассасалари ходимларининг иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар ҳажмини инфляция суръатларидан юқори миқдорда босқичма-босқич ошириш;
- янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳолининг, энг аввало, ўрта махсус ва олий ўқув муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори инфратузилмасининг мутаносиб ривожланишини таъминлаш, ишсизлик даражасини камайтириш;
- меҳнатга лаёқатли аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллигини тўлиқ тўлиқ амалга учун шароитлар яратиш, ишчи кучи сифатини юксалтириш, ишга жойлаштиришга муҳтож шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини кенгайтириш.
4.2. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш
- аҳолига мажбурий ижтимоий кафолатларни таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш ҳамда кексалар ва имконияти чекланган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизмат кўрсатишни яхшилаш, аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатишда давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш;
- соғлиқни сақлаш соҳасини, энг аввало, унинг аҳолига тиббий ва ижтимоий-тиббий хизмат кўрсатиш қулайлиги ҳамда сифатини оширишга қаратилган дастлабки бўғинини, тез ва шошилинч тиббий ёрдам тизимини янада ислоҳ қилиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
- оила саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оналар ва болаларнинг сифатли тиббий хизматдан фойдаланишни кенгайтириш, уларга ихтисослаштирилган ва юқори технологияларга асосланган тиббий ёрдам кўрсатиш, чақалоқлар ва болалар ўлимини камайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни янада кенг амалга ошириш;
- хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни давлат ва жамият бошқарувидаги ўрнини кучайтириш, хотин-қизлар, касб-ҳунар коллежи битирувчи қизларининг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, оила асосларини янада мустаҳкамлаш;
- пенсионерлар, ногирон, ёлғиз кексалар, аҳолининг бошқа эҳтиёжманд тоифаларининг тўлақонли ҳаёт фаолиятини таъминлаш учун уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш;
- фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, аҳоли ва тиббиёт муассасаларининг арзон, сифатли дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминланишини яхшилаш, дори-дармонлар нархларининг асоссиз ўсишига йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
- аҳоли ўртасида касалланиш кўрсаткичлари пасайишини ва умр узайишини таъминлаш.
4.3. Арзон уй-жойлар барпо этиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, аҳолининг ҳаёт шароитлари яхшиланишини таъминловчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш:
- аҳоли, энг аввало, ёш оилалар, эскирган уйларда яшаб келаётган фуқаролар ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бошқа фуқароларнинг яшаш шароитини имтиёзли шартларда ипотека кредитлари ажратиш ҳамда шаҳар ва қишлоқ жойларда арзон уйлар қуриш орқали янада яхшилаш;
- аҳолининг коммунал-маиший хизматлар билан таъминланиш даражасини ошириш, энг аввало, янги ичимлик суви тармоқларини қуриш, тежамкор ва самарали замонавий технологияларни босқичма-босқич жорий этиш орқали қишлоқ жойларда аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган талаб ва эҳтиёжини таъминлашни тубдан яхшилаш;
- одамларнинг экологик хавфсиз муҳитда яшашини таъминлаш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш комплексларини қуриш ва модернизация қилиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, чиқиндини йўқ қилиш бўйича замонавий объектлар билан таъминлаш;
- аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни тубдан яхшилаш, йўловчи ташиш хавфсизлигини ошириш ва атроф муҳитга зарарли моддалар чиқишини камайтириш, ҳар томонлама қулай янги автобусларни сотиб олиш, автовокзал ва автостанцияларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш;
- йўл инфратузилмаси қурилиши ва реконструкция қилинишини жадал давом эттириш, энг аввало, минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш, хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, аҳоли пункти кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш;
- янги электр энергия ишлаб чиқариш қувватларини қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш, паст кучланишли электр тармоқлари ва трансформатор пунктларини янгилаш, шунингдек, аҳолини бошқа ёқилғи-энергия ресурслари билан таъминлашни яхшилаш ва қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш асосида аҳолини электр энергияси билан таъминлашни яхшилаш;
- театр ва томоша масканларини, маданий-маърифий ташкилотлар ва музейлар фаолиятини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.
4.4. Таълим ва фан соҳасини ривожлантириш:
- узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш йўлини давом эттириш, сифатли таълим хизматлари имкониятларини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мувофиқ, юқори малакали кадрлар тайёрлаш;
- таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, уларни замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, компьютер техникаси ва ўқув-методик қўлланмалар билан жиҳозлаш бўйича ишларни амалга ошириш орқали уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш юзасидан аниқ мақсадга қаратилган чора-тадбирларни кўриш;
- мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, болаларнинг ҳар томонлама интеллектуал, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун ушбу муассасаларидаги шарт-шароитларни тубдан яхшилаш, болаларнинг мактабгача таълим билан қамраб олинишини жиддий ошириш ва унинг қулайлигини таъминлаш, педагог ва мутахассисларнинг малака даражасини юксалтириш;
- умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш, чет тиллар, информатика ҳамда математика, физика, кимё, биология каби бошқа муҳим ва талаб юқори бўлган фанларни чуқурлаштирилган тарзда ўрганиш;
- болаларни спорт билан оммавий тарзда шуғулланишга, уларни мусиқа ҳамда санъатга жалб қилиш мақсадида янги болалар спорти объектларини, болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш;
- касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини бозор иқтисодиёти ва иш берувчиларнинг эҳтиёжларига жавоб берадиган мутахассисликлар бўйича тайёрлаш ҳамда ишга жойлаштириш борасидаги ишларни такомиллаштириш;
- таълим ва ўқитиш сифатини баҳолашнинг халқаро стандартларини жорий этиш асосида олий таълим муассасалари фаолиятининг сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, олий таълим муассасаларига қабул квоталарини босқичма-босқич кўпайтириш;
- илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ва технопаркларни ташкил этиш.
4.5. Ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш:
- жисмонан соғлом, руҳий ва интеллектуал ривожланган, мустақил фикрлайдиган, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга, Ватанга содиқ ёшларни тарбиялаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш;
- ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш ҳамда хусусий тадбиркорлик соҳасига жалб этиш;
- ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда амалга ошириш, болалар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш;
- ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ёш оилалар учун муносиб уй-жой
- ва ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратиш;
- ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда давлат ҳокимияти
- ва бошқаруви органлари, таълим муассасалари, ёшлар ва бошқа ташкилотларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш.
V. Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар
5.1. Хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги устувор йўналишлар:
- Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш;
- ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ахборотни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ахборот соҳасидаги таҳдидларга қарши ўз вақтида ва муносиб ҳаракатларни ташкил этиш;
- фуқаролик, миллатлар ва конфессиялараро тинчлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлаш;
- давлатнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Қуролли Кучларининг жанговар қудрати ва салоҳиятини ошириш;
- атроф-табиий муҳит, аҳоли саломатлиги ва генофондига зарар етказадиган экологик муаммоларнинг олдини олиш;
- фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тизимини такомиллаштириш.
5.2. Чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар:
- давлат мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, мамлакатнинг халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатидаги ўрни ва ролини ошириш, ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, Ўзбекистоннинг теварагида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш;
- Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, жахон ҳамжамиятига мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида холис ахборот етказиш;
- Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятини норматив-ҳуқуқий базасини ҳамда халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
- давлат чегарасини демилитация ва демаркация қилиш масалаларини ҳал этиш.
Манба: «Газета.uz»
08.02.2017
09:15