Экспортёрга нима учун жарима солинади?
Мазкур шарҳда чет элдан валюта тушуми келиб тушиши кечиктирилишига йўл қўйган экспортёрларнинг жавобгарлиги масаласи бўйича экспертлар таклифлари хусусида.
Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида низомнинг 17-бандига кўра, чет элдан валюта тушуми 30 банк кунидан ортиқ кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчилар (кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун — 60 банк куни) белгиланган муддатлар тамом бўлгандан кейин:
- валюта тушуми белгиланган муддатлардан 180 кунгача кечикканда — тушмаган валюта маблағлари суммасининг 10 фоизига тенг;
- валюта тушуми белгиланган муддатлардан 180 кундан 365 кунгача кечикканда — қўшимча равишда тушмаган валюта маблағлари суммасининг 20 фоизига тенг;
- валюта тушуми тушиши белгиланган муддатлардан 365 кундан ортиқ кечикканда — қўшимча равишда тушмаган валюта маблағлари суммасининг 70 фоизига тенг жарима тўлайдилар.
Шу билан бирга, бизнинг фикримизча, шахсни қонун билан белгиланган жавобгарликка тортиш учун мажбурий шарт унинг қилмишида ҳуқуқбузарлик таркибининг мавжуд бўлишидир. Ўз навбатида, ҳуқуқбузарлик таркибида унинг ажралмас элементи тариқасида субъектив томон – қасд ёки эҳтиётсизлик шаклида ифодаланадиган айб мавжуд бўлиши керак.
Аммо чет элдан валюта тушумининг кечиктирилиши контрагентнинг экспорт контракти бўйича ўз шартномавий мажбурияларини бузиши натижасида юзага келади, бунда экспортернинг айби йўқлиги яққол кўриниб турибди.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, аксарият микрофирма ва кичик корхоналар ўзи ишлаб чиқарган товар (иш, хизмат)лар экспортидан келиб тушадиган валюта тушумини мажбурий сотишдан озод этилган (24.08.2011 йилдаги ПФ–4354). Шу маънода айтиб ўтилган жавобгарлик зарурати тушунарсизлигича қолади.
Тадбиркорлик фаолиятининг янада ривожланишини, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш мақсадида Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисида низомга экспорт контрактлари бўйича валюта тушумлари кечиктирилиши учун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг жавобгарлигини истисно қилувчи қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқдек туюлади.
Манба: norma.uz
13.02.2017
15:25