Мамлакатимизда АКТни ривожлантириш масалалари муҳокама этилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 январдаги “Тошкент шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш, аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Академиклар шаҳарчасида ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш соҳасида фаолият юритадиган маҳаллий компанияларни ривожлантириш учун зарур шароитларни назарда тутувчи эркин иқтисодий зона мақомига эга Инновацион марказни ташкил этиш белгиланган.
Мазкур вазифани ижро этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ва дастурий маҳсулотлар маҳаллий бозорини тубдан ривожлантириш ва янада рағбатлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Ушбу лойиҳанинг кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинишини таъминлаш мақсадида, 16 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан АКТни ривожлантириш масалаларини тартибга солиш учун масъул давлат органларининг вакиллари, шунингдек, миллий ишлаб чиқарувчилар иштирокида Эксперт кенгашини ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, ҳужжатни ишлаб чиқишда бизнес вакилларининг фикрини максимал даражада инобатга олиш мақсадида, Лойиҳа ЎзР ССП сайти ва ЎзР ССП телеграмм-гуруҳларида (гуруҳ ҳаволаси goo.gl/NF0gpM) жойлаштирилди.
Қайд этиш керакки, республика иқтисодиётининг тармоқларида ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий этиш ва уларнинг рақобатбардошлигини ошириш, тармоқ корхоналарининг экспортини ривожлантириш учун махсус ташкилий, иқтисодий ва ижтимоий имкониятларни яратиш, кадрлар, илмий-ишлаб чиқариш ва инвестициявий-молиявий салоҳиятни ошириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш каби масалалар ушбу Фармоннинг қабул қилиниши заруриятини тақозо этмоқда.
Фармон лойиҳасида 2030 йилнинг 1 январигача Тошкент шаҳри, М.Улуғбек тумани, Зиёлилар кўчаси, 13а манзилида жойлашган Тошкент шаҳридаги Инха Университетининг ҳудуди доирасида келгусида кенгайтириш ва амал қилиш муддатини узайтириш имкониятига эга бўлган “Ахборот-коммуникация технологиялари инновацион маркази” махсус иқтисодий зонасини (кейинги ўринларда – АКТИМ МИЗ) ташкил этиш кўзда тутилган. АКТИМ МИЗ фаолият юритиши белгиланган муддат давомида унинг иштирокчилари махсус божхона, валюта ва солиқ режимларидан фойдаланишлари мумкин бўлади.
Лойиҳага биноан, АКТИМ МИЗ иштирокчилари, шунингдек, АКТИМ МИЗ доирасида амалга ошириладиган фаолияти бўйича уларнинг ишчиларини солиққа тортишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланади. Унга кўра:
- АКТИМ МИЗ иштирокчилари унинг амал қилиши муддати даврида барча турлари солиқлар ва давлат мақсадли фондларига мажбурий тўловлар, шунингдек, ягона ижтимоий тўловдан озод этилади;
- жисмоний шахсларнинг даромадларида солиқ ставкаси 7,5 фоиз миқдорида, фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия фондига суғурта бадаллари ставкаси эса 4,5 фоиз этиб белгиланади.
Шу билан бирга, АКТИМ МИЗ иштирокчиларига товарлари (ишлар, хизматлар) экспортидан келган тушумлари доирасида республика ҳудудида хорижий валютада ҳисоб-китоблар ва тўловларни амалга ошириш, жумладан, ишчиларга нақд ёки нақд пулсиз шаклда ойлк маош ҳамда дивидендлар тўлаш ҳуқуқи тақдим этилади.
Мазкур чора-тадбирлар мамлакат ЯИМда ахборот-коммуникация технологиялари сектори улушининг ортиши, ички ва ташқи бозорларда сифатли, рақобатбардош дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш учун шароитлар яратиб, мамлакатнинг экспорт салоҳияти ўсишига замин яратади.
Жанубий Корея (Дэдок Иннополис), Малайзия (Kulim Hi-Tech Park), Белоруссия (Юксак технологиялар парки) ва Россия (Иннополис) каби давлатларнинг халқаро тажрибасидан маълумки, ушбу соҳани ривожлантириш учун махсус эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш ёрдамида қўшимча қулай иқтисодий шароитлар таъминланиши зарур.
Таъкидлаш лозимки, кўпинча бу каби лойиҳалар университетлар ёки илмий марказлар яқинида ва улар билан яқин ҳамкорликда ташкил этилади, чунки энг янги лабораториялар, юқори малакали ходимлар, синов базаларига эга бўлиш эҳтиёжи мавжуд. Илмий таркибий қисм билан бизнес учун мос бўлган амалий ёндашув ҳамда давлат томонидан тақдим этилган кучли қўллаб-қувватлаш мавжуд ишланмаларни тижоратлаштириш жараёнини ишга туширади ва инновацион ривожланишни рағбатлантиради.
16.02.2017
17:39