«Тараққиёт стратегияси» маркази иш бошлади
«Тараққиёт стратегияси» ахборот-таҳлил маркази 1 мартдан расман иш бошлади. Ўзбекистон Президенти фармойиши асосида ташкил этилган марказ тақдимоти Тошкентдаги «Media Hall НАЭСМИ» медиа майдончасида бўлиб ўтди.
Марказ ва Электрон ОАВ миллий ассоциацияси (ЭОАВМА) 2017−2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш жараёни, қабул қилинган қонунлар ва қонуности актлари, шунингдек республикада содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий ҳодисаларнинг жамоат муҳокамаларини ташкил этиш ва уларни ёритиш бўйича битимни имзолади.
«Зарафшон» концерт зали негизида ташкил этилган «Media Hall НАЭСМИ» майдончасида давлат ва жамият ўртасида очиқ мулоқотлар — брифинглар, матбуот анжуманлари, ток-шоу ва бошқа тадбирлар ўтказилади. ЭОАВМА ҳамкорлар билан биргаликда телефестиваллар, ижодий учрашувлар, анжуманлар, танловлар, ижтимоий телеакциялар, болалар ток-дастурлари ва бошқа турли форматлардаги медиа-контентларни ишлаб чиқишни режалаштирган.
Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган тадбирлар таҳлилини олиб бориш, ҳужжат доирасида амалга оширилувчи тадбирлар бўйича илғор хорижий тажрибалар, халқаро ташкилотлар ва экспертлар баҳоларини ўрганиш ҳамда уларнинг кенг эксперт ва жамоат муҳокамаларини ташкил этиш марказ вазифаларидан ҳисобланади.
Марказ Ҳаракатлар стратегиясини самарали амалга ошириш, жумладан қонун лойиҳалари ва бошқа актлар лойиҳаларини тайёрлаш, халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот, ахборот-таҳлил ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклифларни тайёрлайди.
Яқин вақтлар ичида Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилиш жараёнига аҳолини кенг жалб қилиш учун вебсайт ва ижтимоий тармоқларда саҳифалар очиш режалаштирилмоқда.
Нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга марказ Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти, ССП, Адвокатлар палатаси, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, ЭОАВМА, ННТ миллий ассоциациялари муассислигида ташкил этилди.
Манба: gazeta.uz
02.03.2017
09:16