Москвада Ўзбекистон савдо-кўргазма павильони очилди
Ўзбекистон-Россия савдо уйи “Узглобалтрейд” 15 февралда Москвадаги “ФУД СИТИ” улгуржи озиқ-овқат агрокластери ҳудудида Ўзбекистон савдо-кўргазма павильонини ишга туширди.
“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси билан биргаликда амалга оширилган лойиҳанинг асосий вазифаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан маҳсулотларни сотиш географиясини кенгайтириш ва янги бозорларни ўзлаштириш ҳисобланади.
Шу куни Европадаги энг йирик агрокластер ҳудудида Ўзбекистон, Жанубий Корея, Саха Республикаси (Якутия), Ставрополь ва Смоленск кўргазма павильони очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Павильонлар очилишига Евросиё иқтисодий комиссияси, Россия қишлоқ хўжалиги, “МДҲни иқтисодий ривожлантириш амалий маркази”, “Деловая Россия” вакиллари, бошқа хорижий давлатлар озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилари ва тадбиркорлари ташриф буюришди.
Ўзбекистон стенди миллий ранг-баранглик ва тақдим қилинган маҳсулотларнинг кенг ассортименти, жумладан “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ва “Ўзвиносаноат-холдинг” компаниялари таркибига кирувчи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг озиқ-овқат, халқ истеъмоли, қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари тақдим қилинди.
Ўзбекистон вакили, “Узглобалтрейд” савдо уйи бош директори Магомед Мусаевнинг айтишича, савдо-кўргазма павильони ҳўл ва қайта ишланган маҳсулотлар экспортини оширишга имкон беради. Ўтган йил экспорт ҳажми 85 млн долларлик 122 тонна маҳсулотни ташкил қилган.
“2016 йилда биз 65 турдан кўпроқ озиқ-овқат маҳсулоти экспорт қилдик. Бу маҳсулотларни Россия бозорида илгари суриш – бизнинг асосий мақсадимиз”, деб таъкидлади М.Мусаев.
Ҳудудлар ва давлатлар павильонларининг бир жойда ихчам жойлаштирилгани эвазига ишлаб чиқарувчилар ва харидорлар бир-бирларига маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномаларни воситачиларсиз, тўғридан-тўғри тузишлари мумкин. Бу эса дўконлардаги маҳсулотларни анча арзонлаштиришга имкон беради.
Эслатиб ўтамиз, “Узглобалтрейд” Савдо уйи 2016 йил 17 октябрда Москвада очилган. Ушбу қўшма корхона “ФУД СИТИ” марказида жойлашган.
Мазкур савдо уйи орқали маҳсулотни экспорт қилиш истагида бўлган тадбиркорлик субъектлари ўз таклифларини бевосита "Ўзагроэкспорт" АЖга юборишларини сураймиз.
Кўшимча маълумот олиш учун "Ўзагроэкспорт" АЖнинг масъул ходими Б.Аъзамовга телефон рақами +99871 246-44-15 ёки электрон манзили info@uzagroexport.uz орқали мурожаат қилиш мумкин.
14.03.2017
15:49