"Ташаббус-2017" танловига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 18 апрель куни Тошкент шаҳрида "Ташаббус-2017" кўрик танловига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ўзининг иқтисодиётимиздаги ўта муҳим ва салмоқли ҳиссаси, роли ва таъсири, содда қилиб айтганда, бошқа ҳеч бир соҳа ва йўналиш ўрнини босолмайдиган катта аҳамияти билан давлат ва жамиятимиз ривожида алоҳида ўрин эгаллайди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик одамларимиз учун янги иш ўринлари очиш, барқарор даромад манбаларини яратишнинг энг муҳим омилига айланаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун 1995 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ташаббус” кўрик-танлови кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга, улар эришаётган илғор натижаларни тарғиб қилишга, ёшларда мулкдор бўлиш ҳиссини кучайтиришга, тадбиркорларнинг имкониятларини юзага чиқаришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва хунармандлар ўртасида "Ташаббус-2017" кўрик-танловини ўтказиш бўйича Вазирлар Махкамасининг 379-Ф-сонли фармойиши тасдиқланди.
Унга кўра, кўрик-танлов босқичи куйидаги саналарда ўтказилади:
- Туман (шаҳар) босқичлари шу йилнинг 20-25 апрел кунлари
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичлари 25 апрелдан – 3 май кунлари
- Республика боскичи 16-17 май кунлари, тантанали тақдирлаш маросими 22 май куни ўтказилиши белгиланган.
Курик танлов иштирокчилари учта асосий номинациялар бўйича беллашадилар
- “Энг яхши тадбиркор”;
- “Энг яхши фермер”;
- “Энг яхши хунарманд”
Ҳамда кўшимча номинациялар
- “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори”
- “Энг яхши тадбиркор аёл”
- “Энг яхши инновацион лойиҳа”
- “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор”
- “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”
- “Энг масъулиятли ижтимоий шерик”
- “Менинг юртим - менинг ифтихорим”
- “Энг яхши экспортчи”
- “Йилнинг энг яхши маҳсулоти”
Шунингдек, “Харакатлар стратегияси”да белгиланган вазифалардан келиб чиқиб жорий қилинган иккита янги номинациялар
- “Ўзининг савдо белгиларини йўналтириш ва янги бозорларни эгаллаганлик учун”
- “Республика ички бозорларида талаб бўлган янги турдаги истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиққанлик учун”
Дастлабки босқичларнинг энг лойиқ ва омадли иштирокчилари (41 лауреат) “Ташаббус-2017” кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланма олишади.
2017 йил 16 май куни соат 10.00 да Тошкент шаҳрининг Туркистон саройида танловнинг республика босқичи иштирокчилари маҳсулотлари кўргазмасининг расмий очилиши бўлиб ўтади. Кўргазма 17 май соат 16.00 гача давом этади.
2017 йил 22 май куни оқшом (соат 18-00) мухташам “Туркистон” саройида ўзбек эстрадаси юлдузлари иштирокида “Ташаббус-2017” кўрик танлови ғолиблари ва совриндорларини аниқлаш ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
ЎзССП ахборот хизмати
19.04.2017
12:45