“Ташаббус – 2017” кўрик-танловининг туман босқичлари бўлиб ўтмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Ташаббус – 2017” кўрик-танловининг Тошкент шаҳар Яшнобод, Миробод, Бектемир туманлари босқичи бўлиб ўтди.
Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, соҳа субъектлари эркин фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Анъанавий ўтказиб келинаётган ушбу танлов кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, миллий ҳунармандлик анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантиришда муҳим омил бўлаётир. “Ташаббус” кўрик-танлови тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириб, хусусий мулкдорлар синфининг шаклланиши учун қулай шароитлар яратмоқда, тадбиркорларга билим ва маҳоратини оширишда янги имкониятлар бермоқда.
Танловнинг Яшнобод, Миробод, Бектемир тумани босқичи доирасида ташкил этилган кўргазмада элликдан ортиқ тадбиркор ва ҳунарманд ишлаб чиқарган саноат ва истеъмол товарлари, озиқ-овқат, машинасозлик маҳсулотлари, ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси ташкил этилди. Унда тақдим этилган турли хилдаги саноат маҳсулотлари, ҳунармандлик буюмлари сифат мезонларига кўра хорижникидан асло қолишмаслиги билан харидорлар эътиборини тортди.
– Корхонамизнинг ташкил топганига ўн йил бўлди, – дейди Миробод туманидаги «Aluminium systems» масъулияти чекланган жамияти бош директори Фарид Сафагариев. – Дастлаб ўн киши меҳнат қилган корхонамизда бир неча турдаги дераза ромлари чиқарилар эди. Ҳозир ишчилар сони ўттиз нафарга етди, маҳсулотлар тури ўндан ошди. Замонавий технологиялардан «Alsys» бренди остида сифатли, қулай дизайн ва инновацияларни ўзида мужассам этган пластик дераза ва ромлар тайёрланмоқда. Маҳсулотларимиз ички ва ташқи бозорларда ҳаридоргир. Маҳсулотларимизнинг 20-25 фоизини Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа МДҲ давлатларига экспорт қилмоқдамиз. Буларнинг барчаси мамлакатимизда биз, тадбиркорларга яратилаётган кенг имкониятлар самарасидир.
“Йилнинг энг яхши тадбиркори” ва “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” каби асосий, шунингдек, «Энг яхши оилавий бизнес», “Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли”, “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” ва “Энг яхши инновацион лойиҳа” махсус номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди.
Ғолиблар танловнинг шаҳар босқичида иштирок этади.
Манба: УзА
21.04.2017
11:03