Хўжалик юритувчи субъектларида ўтказиладиган режали текширувлар бўйича семинар-тренинг ўтказилди
Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги қонунига кўра, тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай муҳитни шакллантириш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий шароитларини яхшилашга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш чора-тадбирларини кўриш, шу жумладан тадбиркорларни давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари билан муносабатларда, шунингдек судда ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш вазифалари юклатилган.
Мазкур вазифалар доирасида Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги назорат қилувчи органларнинг текширувлари мониторинги юритилиб келинмоқда. Мазкур ишларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарурий тушунтириш ва маслаҳатлар беришда ташкилот иштирокини таъминлаш учун Палатанинг ҳудудий бошқармаларида беъвосита текширишлар билан ишловчи маъсул ходимлар тайинланган.
Статистик натижаларга кўра, биргина 2017 йилнинг биринчи чорагида 824 та тадбиркорлик субъектлари фаолиятида бўлиб ўтган текширувлар Савдо-саноат палатасининг диққат марказида бўлди. Бу, Назорат қилувчи органлар томонидан тасдиқланган режали текширишлар дастуридаги 1 045 та корхонанинг 79 фоизига тенг бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент вилоятларида режали текширувга тушган тадбиркорларни қамраб олиш 100 фоизни ташкил этган.
Мониторинг ишлари давомида тадбиркорларни ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш, уларга текширув тартиблари, текширув жараёнида эътибор қаратилиши зарур бўлган ҳолатлар ва умуман фаолиятни тўхтаб қолишига таъсир кўрсатувчи омиллар тўғрисида маслаҳатлар бериб келинмоқда.
Шу каби ишлар доирасида, 2017 йил 4 май куни “KARAMATOV VA ADVOKATLAR” Адвокатлик фирмаси ҳамкорлигида семинар-тренинг ташкил этилди. Тадбир Палата Ижро этувчи қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят ҳудудий бошқармалари биноларида видео-конференция алоқаси ёрдамида тадбиркорлик субъектлари иштирокида бўлиб ўтди.
Унда биринчи навбатда, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши томонидан жорий йил учун тасдиқлаган текшириш режа дастурига киритилган тадбиркорлик субъектлари мисолида текширувларга тайёргарлик кўриш бўйича тушунтириш ва маслаҳатлар берилди.
Семинар тренингни Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари А.Икрамов олиб борди, шунингдек, кўп йиллардан бери корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти текширувларида адвокат сифатида иштирок этиб келаётган Ғ.Караматов, “KARAMATOV VA ADVOKATLAR” Адвокатлик фирмаси бошқарувчи шериги, адвокат, ф.ф.н. “Текширувга тайёрмиз” мавзуси остида маъруза билан иштирок этди.
Семинар давомида корхона раҳбари текширувга қай усул ва шаклда тайёргарлик кўриши кераклиги; биринчи навбатда корхонада амалга ошириладиган ишлар; корхона ходимлари билан махсус суҳбатлар; хоналар ва ҳужжатларни тартибга солиниши каби масалаларга алоҳида тўҳталиб ўтилди.
Қолаверса, давлат назорат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари режали текширувга келганларида тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилаётган фаолиятига аралашишга ёки тўхтатиб қўйишга ҳақли эмаслиги, тадбиркорлик субъектида олиб бориладиган текширувга келган ходимлар қандай расмий ҳужжатларни тақдим этишлари шартлиги, улар томонидан корхона ходимлари билан суҳбатлар, тушунтириш хатлари, тилхатлар ва бошқа шунга ўхшаш ҳаракатларни амалга ошириш усуллари батафсил очиб берилди.
Корхона ходимлари текширув пайтида ва текширувчилар билан мулоқотда ўзларини қандай тутишлари, хужжатларни тақдим қилиш тартиби, корхона раҳбарининг текширув пайтидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, Текширишларни рўйхатга олиш китобини юритиш тартиби, молия-хўжалик фаолияти текшируви натижалари бўйича тузиладиган далолатномада кўрсатилган фактлар юзасидан корхона раҳбари норози бўлганда, ўз эътирозларини баён қилиш тартиби ва бошқалар аниқ тушунтирилди.
ЎзССП ахборот хизмати
04.05.2017
14:47