Тожикистондаги “Сўғд-2017” кўргазма-ярмаркасида тожик ишбилармонлари билан 100 дан ортиқ келишувлар имзоланди
Жорий йилнинг 15-17 июнь кунлари Тожикистон Республикасининг Хўжанд шаҳрида “Сўғд-2017” IV - Халкаро кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди. Кўргазма ва ярмарка Тожикистон ҳукумати ҳамда Тожикистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилди.
Халқаро кўргазма-ярмаркасида 8 та давлат, яъни, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Польша, Ўзбекистон, Беларусь ва Тожикистон Республикасида фаолият кўрсатаётган ишбилармонлар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотлари билан иштирок этишди.
Жумладан, кўргазма-ярмаркада Ўзбекистон Республикасидан Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Файзулла Маманов бошчилигида 30 дан ортиқ истеьмол товарлари ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишидаги тадбиркорлик субъектлари иштирок этди ҳамда ўзбек ва тожик ишбилармонлари ўртасида 100 дан ортиқ келишувлар, шартномалар, битимлар имзоланди.
Тузилган шартномаларнинг миқдори 2,5 млн. АҚШ долларидан ошди.
Кўргазма-ярмарка доирасида тожикистонлик ҳамкорлар томонидан узоқ ҳудудлардан импорт қилинаётган истеъмол товарлари ва қурилиши материаллари ўрнига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган арзон ва сифатли маҳсулотларни харид қилиш истагини билдирилди.
Кўргазма давомида ўзбек ва тожик тадбиркорлари ўртасида бизнес форум ташкил қилинди. Форумда Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти бошқармаси ва ССП Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи сўзга чиқиб, Сўғд вилояти ҳамда Тошкент вилояти тадбиркорлари ўртасида бугунги савдо-иқтисодий алоқалари кенгайиб, янги босқичга чиқаётганлигини таькидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти бошқармасининг Хўжанд шаҳрида савдо уйини ташкил қилиш юзасидан келишув битими имзоланди.
21.06.2017
15:32