Гендерли кредитлаш аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга ёрдам беради
2017 йилнинг 15 августида Тошкент шаҳрида 28 та тижорат банклари вакиллари учун кичик бизнесни кредитлашнинг гендер жиҳатларига бағишланган икки кунлик семинар ўз ишини бошлади. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва БМТТДнинг “Ўзбекистон бизнес-форуми (3-босқич)” қўшма лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки кўмагида семинар ташкилотчиси бўлиб ҳисобланади. Семинар Ўзбекистонда аёл тадбиркорлар учун ҳуқуқий ва иқтисодий имкониятларни кенгайтиришга йўналтирилган.
Аёллар ва коллежлар битирувчилари бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, аёл тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли фармони билан тасдиқланган Давлат дастурида назарда тутилган.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси таҳлилига кўра мамлакатдаги аёл тадбиркорларнинг умумий сони барча тадбиркорлик субъектлари умумий сонининг тахминан 10 фоизини ташкил этади. Бошланғич капиталнинг мавжуд эмаслиги, бизнес юритиш соҳасидаги билим ва зарурий кўникмаларнинг етишмаслиги сабаб аёллар тадбиркорлик муҳитида нисбатан суст фаолдирлар.
Ҳалқаро тажрибани ўрганиш шуни кўрсатдики, гендерли кредитлашни ривожлантириш аёллар ўз бизнесларини бошлашлари учун имкониятлар яратишнинг йўлларидан бири бўлиб ҳисобланади. Масалан, Royal Bank of Scotland (Шотландия қироллик банки) томонидан аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга доир бизнес-дастурининг амалга оширилиши натижасида, уч йил ўтибоқ барча кичик ва ўрта корхоналарнинг 40 фоизи аёллар тасарруфида бўлган (2011 йилги маълумотлар).
Бундан ташқари, аёллар тадбиркорлиги – бу молиявий сектор учун ҳали ўзлаштирилмаган, бироқ истиқболли бозордир. Ўтказилган тадқиқотларга кўра аёл тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиш банклар учун фойдалидир, чунки улар ўз кредитлари бўйича нисбатан камроқ дефолтга йўл қўядилар, тўловларда интизомлиликлари билан ажралиб турадилар, жамғармаларни шакллантиришга мойилдирлар. Уларнинг банкларга ҳайриҳоҳликлари кўпроқ кредит махсулотларини харид қилишга мойилликлари ва банкка янги мижозларни олиб келишларида намоён бўлади.
Банк ходимларини гендерли кредитлаш хусусиятлари тўғрисидаги хабардорлигини ошириш ўтказилаётган семинарнинг асосий мақсадларидан бири бўлиб, семинар давомида 60 нафар иштирокчилар кредитлаш жараёнига комплексли ёндашувни жорий этиш бўйича ҳалқаро тажриба ва микрокредитлашда банкларнинг гендерли таъсирчан сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга доир илғор ҳоиржий мамлакатлар тажрибалари билан танишадилар.
Семинар натижасида иштирокчилар кредитлашнинг гендер жиҳатларидан аёл тадбиркорларга хизмат кўрсатиш тизимини яхшилаш ва аёллар сегменти учун талабгор бўлган кредит махсулотларини ишлаб чиқишда келгусида фойдаланишга доир ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишлари кутилмоқда.
***
“Ўзбекистон бизнес-форуми (3-босқич)” лойиҳаси Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва БМТТДнинг қўшма ташаббуси бўлиб, онлайн хизматларни жорий этиш, норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, шунингдек инклюзив бизнес-моделларни ривожлантириш ва тарғиб қилиш йўли билан бизнес юритиш учун шарт-шароитларни яхшилашага йўналтирилган.
15.08.2017
10:17