Тадбиркорлар муаммоси жойида ҳал этилмоқда
Мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг давомийлигини таъминлаш мақсадида Тошкент вилояти Прокуратураси, Савдо-саногат палатаси Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда бошқа вилоят ташкилотлари иштирокида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни вилоятнинг туман ва шаҳарларида тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказиб келинмоқда.
Навбатдаги мулоқот 2017 йил 16 август куни Бўстонлиқ тумани Хўжакент пансионатида бўлиб ўтди. Ушбу учрашувда Бўстонлиқ тумани ҳокими Б.Султонов, Тошкент вилоят прокурори ўринбосари С.Бердиалиев, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ф.Маманов, Бўстонлиқ тумани прокурори А.Гафуров ва вилоят мутассади ташкилотлари маъсуллари, Бўстонлиқ туманида фаолият олиб борувчи тадбиркорлар ва уларга хизмат кўрсатувчи тижорат банклари раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 августдаги “Тошкент вилоятида кичик саноат ҳудудларини ташкил этиш тўғрисида”ги №ПҚ 3194-сонли Қарорига мувофиқ, Тошкент вилоятининг 17 та туман (шаҳар) ларида кичик саноат зоналари ташкил қилинаётганлиги ҳамда мазкур саноат ҳудудларида ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектларига бериладиган имтиёзлар ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.
Жумладан, кичик саноат ҳудудлари тадбиркорлик субъектларига “0” ставкада ижарага берилиши ҳамда тадбиркорлик субъекти мазкур саноат ҳудудида 10 йил давомида фаолият кўрсатгандан кейин мулк ҳуқуқи берилиши тушунтирилди.
Шунингдек, мазкур кичик саноат ҳудудидаги тадбиркорлик субъектларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 18 майдаги №ПҚ-2973 Қарорига мувофиқ солиқ имтиёзлари тадбир қилиниши тўғрисида ахборот берилди.
Учрашувда ўнлаб тадбиркорлар фаолиятини ривожлантириш борасидаги масалалар юзасидан мурожаат қилдилар.
Жумладан, Бўстонлиқ туманида фаолият олиб бораётган “Sintez Media” МЧЖ хусусий клиника ва лабаратория рахбари Р.Мирзаахмедов янги ва замонавий тиббиёт асбоб ускуналар олиб келиб ўз фаолиятини кенгайтириш мақсадида бўш турган тиббиёт бирлашмаси биносини “нол” қийматда олиб фойдаланишга амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Туманнинг Чорбоғ худудида фаолият олиб борувчи тадбиркор Сарибоева Фароҳат Чорбоғ дехқон бозори худудидан енгил типдаги дўкон қурилишига рухсат сўраб мурожаат қилди.
Тадбирда мамлакатимизда туримзни ривожлантириш масалаларида амалга оширилаётган ишлар ўзининг самарасини бериб, туманда туризм хизматлари кўрсатувчи юзлаб корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Аммо, туризм йўналишидаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтиб фаоилят юритишларини таъминлаш, туристларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш борасидаги масалалар муҳокама қилинди.
Жумладан, фуқаро Мирзаякубов Умид туманда туризмни ривожлантириш мақсадида енгил типдаги қуриладиган миллий ўтовларни қуриш учун жой ажратиш масаласида мурожаат қилди.
Учрашувда иштирок этган тадбиркорларга мутасадди идоралар вакиллари томонидан жавоб берилди ҳамда масалаларни жойда, қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этиш юзасидан масъул ходимлар бириктирилди.
Иштирокчиларда катта таассурот қолдирган ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад-мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳитини янада янги босқичга олиб чиқиш ва тадбиркорлик субъектлари олдида пайдо бўлган муаммо ва тўсиқларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда янги ишчи ўринлари яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларни барқарорлигини таъминлаш шунингдек, ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш ва ушбу ҳудудга инвестиция жалб этган ҳолда янги иш ўринларини яратишга қаратилгандир.
ЎзССП ахборот хизмати
18.08.2017
09:57