Тадбиркор мурожаати ўз вақтида ҳал қилинмоқда
Савдо-саноат палатасига “PERSPEKTIVE – BUILDING” МЧЖ раҳбари М.Ташходжаева мурожаат қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.08.2009 йилдаги “Қишоқ жойларда уй-жой қурилиш кўламини кенгайиришга оид қўшимча чора – тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ1167-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Қишлоқ қурилиш инвест” Инжиниринг компанияси Тошкент вилояти филиали билан Тошкент вилояти, Бўстонлик тумани, Қоранкўл-2 аҳоли пунктидаги 1103-лот бўйича намунавий лойиҳа асосида 15 та уйни қуриш учун 27.07.2013 йилда шартнома имзоланганлигини, бироқ, жамиятнинг қурилиш фаолиятини олиб боришида турли қийнчиликларга учраётганлигини ҳамда оғир молиявий аҳволга тушганлигини баён қилиб, ушбу масалада амалий ёрдам берилишини сўраган.
Мазкур мурожаат Палата раҳбарияти томонидан жойига чиқиб ўрганилганда тадбиркор кўтарган муаммолар тўлиқ ўз тасдиғини топди. Бундан ташқари, тадбиркор бир неча йилдан бери ушбу муаммоларни турли давлат органларига мурожаат қилган бўлса-да, ўз ечимини топмаган.
Ушбу масала Палата ташаббуси билан Палатанинг хуқуқий масалалар бўйича Экспертлар кенгашида муҳокама қилинди ҳамда қуйидагилар аниқланди:
- “PERSPEKTIVE – BUILDING” МЧЖ ва “Қишлоқ қурилиш инвест” Инжиниринг компанияси Тошкент вилояти филиали ўртасида Тошкент вилояти, Бўстонлик тумани, Қоранкўл-2 аҳоли пунктидаги 1103-лот бўйича намунавий лойиҳа асосида 15 та уй – жойларни қуриш учун 27.07.2013 йилда шартнома имзоланган. 2014 йил январь ойида сурункали ёмғир ёғиши, тоғда қор эриши натижасида қурилаётган уйлар атрофига катта миқдорда сув йиғилиб, 7 та уйларнинг пойдевори дарс кетиб авария ҳолатига келиб қолган ҳамда уйларга етказилган зарарларни жамият ўз ҳисобидан қоплаб, 5 та уйлар қайта таъмирланган. Таъмирлаш ишлари учун қўшимча маблағ ажратилмаганлиги сабабли, хозирда 4 та уйлар бўйича қурилиш ишлари охиригача етказилмаган ва уйлар ўз эгаларига топширилмаган.
- Тошкент вилояти, Бўстонлик тумани, Қоранкўл-2 аҳоли пунктида намунавий лойиҳа асосида уй – жой қуриш учун ер ажратишда сел – тошқинлар хавфи мавжудлиги ва шу тўғрисида Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳулосаси эътиборга олинмаган ҳамда хозирги кунга қадар сел – тошқинларга қарши қурилиш ишлари амалга оширилмаган.
- Намунавий лойиҳа асосида қурилаётган уйлар “Ўзагросуғурта” ДАСК томонидан “Қурилиш таваккалчиликларини суғурталаш” шартномасига асосан суғурта қилинганлигига қарамасдан, суғурта шартномаси шартларига мувофиқ суғурта товони “PERSPEKTIVE – BUILDING” МЧЖга тўлаб берилмаган.
Юқоридагиларни инобатга олиб ҳамда Ўзбекистон Ресупбликаси Президентининг “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2017 йил 19 июнь кунидаги ПФ-5087-сонли Фармони талабларидан келиб чиқиб, тадбиркорнинг фаолиятида учраётган муаммоларни ҳал этиш мақсадида, Экспертлар кенгаши хулосасига асосан, қуйидаги таклифлар киритилмоқда:
- Тошкент вилояти, Бўстонлик тумани ҳокимияти, “Давархитектқурилиш” Қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, “Қишлоқ қурилиш инвест” Инжиниринг компанияси ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда сел – тошқинлар олдини олиш иншоотлар қурилиши масаласини ҳал этиш;
- зарар кўрган уйларни таъмирлаш учун қўшимча маблағ ажратиш масаласини ҳал этиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириб, уй эгаларига топшириш чораларини кўриш.
Ушбу муаммоларни ҳал этилишида амалий ёрдам берилишини сўраб Вазирлар Маҳкамасига хат киритилди.
ЎзССП ахборот хизмати
30.08.2017
11:14