«Ватаним равнақига менинг ҳиссам» кўргазмаси
Жорий йилнинг 7 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси, Нукус шаҳри, «Ёшлар маркази» биносида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида «Ватаним равнақига менинг ҳиссам» шиори остида ёш тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди.
Мазкур кўргазманинг асосий ташкилотчилари Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва Меҳнат муносабатлари Вазирлиги, Ўрта-махсус касб-таълими бошқармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Фермерлар Кенгаши бошқармалари ҳисобланади.
Тадбирни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Қуанышбай Азербаев,Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари Бийбижан Аралбаева ва O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Аппарат бошлиғи Қутлыбай Бекназаровлар очиб берди ва кўргазмада иштирок этаётган ёшларга самимийлик сўзларини билдиришди. Кўргазмада республикамиз иқтисодиётининг ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшаётган 40 дан зиёд ёш тадбиркорлар ўз маҳсулотлари билан қатнашишди. Шунингдек, мазкур кўргазмада коллеж битирувчилари, маҳаллалардаги ёшлар ҳамда республика миқиёсида ёшлар учун ўтказиладиган конференциялар, фестиваллар, танловларда қатнашиб фаоллик кўрсатаётган ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ушбу кўргазмани ўтказишдан асосий мақсад ёш тадбиркорлар фаолиятини кенг тарғиб қилиш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, кичик бизнес ва ҳусусий тадбиркорликни ривожлагтириш, қулай бизнес муҳитини яратиш, тадбиркорлик фаолияти давомида олган тажрибаларини оммалаштириш, янги иш ўринларини ташкил қилиш, ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, шунингдек, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, қобилиятли ёшларни рағбатлантириш, ёш тадбиркорлар фаолиятини кенг ёритиш ҳамда уларни маънавий қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Кўргазма давомида республикамизда фаолият кўрсатаётган ёш тадбиркорлар, ҳунармандлар ва фермерларнинг махсулотларини кенг жамоатчиликга, жумладан, тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларга, коллеж битирувчиларига тақдим этилиб, улар ўртасида “Уста-шогирд” анъаналарини ривожлантиришни йўлга қўйиш орқали илғор натижаларга эришиш, тадбиркорларнинг амалий тажрибасини ёшлар ўртасида тарғиб қилиш, тушунтириш ишлари амалга оширилди. Ушбу тадбирда йил давомида яхши натижаларга эришган, ўз маҳсулотлари билан аҳолига хизмат қилаётган, ёшларни иш билан таъминлаган илғор ва фаол тадбиркорлик субъектлари орасидан муносиб биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин ғолиблари аниқланди. Жумладан, фахрли 1-ўринни Нукус шаҳридан якка тадбиркор Срашова Жулдыз эгаллади. У 2011 йилдан Якка тартибдаги тадбиркор сифатида ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, шундан буён ҳунармандчилик билан шуғилланиб келмоқда. Фаолияти давомида 20 дан ортиқ шогирдлар тайёрлаган. Фахрли 2-ўринни Нукус шаҳридан “Romal Dizayn Nukus” маъсулияти чекланган жамияти раҳбари Давронова Зулфия эгаллади. 2016 йилдан тадбиркорлик фаолиятини бошлаган бўлиб, у асосан текстиль маҳсулотларини тикиш билан шуғилланади. Бугинги кунда болалар ва катталар кийимларини тикиб, аҳолига текстиль маҳсулотларини етказиб бермоқда. Корхонада раҳбардан бошқа яна 5 киши иш билан таъминланган. Фахрли 3-ўринни эса Тўрткул туманидан “Cristal Mega Star” маъсулияти чекланган жамияти раҳбари Халиков Бобомурод эгаллади. Корхона 2016 йилдан ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, совун ва кир ювиш воситаларини ишлаб чиқариш билан шуғилланади. Шунингдек, кўргазмада «Энг яхши ёш фермер», «Энг яхши инновацион лойиҳа», «Экологик тоза маҳсулот» ва «Миллий бренд» номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, кўргазмада фаол иштирок этган ёшлар махсус дипломлар ва совғалар билан тақдирланди.
Бундай кўргазмаларни ўтказиш албатта тадбиркорларнинг бир бирлари билан тажриба алмашишига сабаб бўлади ва ёшларни тадбиркорликка жалб қилишга ундайди. Ёш тадбиркорларни рағбатлантириш эса уларнинг ўз ишларини янада севиб давом эттиришларига түртки бўлади.
ЎзССП Ахборот хизмати
13.09.2017
17:10