Қозон шаҳрида ўзбекистонлик маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг кўргазмаси бўлиб ўтди.
«Қозон ярмаркаси» кўргазмалар марказида бўлиб ўтаётган «Қозонда Ўзбекистон кунлари» доирасида 15 ноябрь куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Россия Федерацияси Татарстон Республикасининг Саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ўзбекистонлик маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг кўргазмаси, шунингдек икки давлат ишбилармон доиралари иштирокидаги Ўзбекистон-Татарстон бизнес-форуми ташкил этилди.
Ўзбекистон ишбилармон доиралари делегацияси «Мода ва услуб. Қозон - Куз» 32-енгил ва тўқимачилик саноати маҳсулотлари ихтисослашган кўргазмасида фаол иштирок этди. Ушбу кўргазма тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотларини бозорда илгари суриш, ишбилармонлик ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш, куз-қиш мавсумининг замонавий тенденцияларини намойиш этиш борасида Татарстон Республикаси учун асосий тадбирлардан бири ҳисобланиб, унинг доирасида шунингдек, Ўзбекистондан борган маҳсулот ишлаб чиқарувчиларининг кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмада Ўзбекистон Республикасидаги 80 дан ортиқ енгил, тўқимачилик ва тери-чарм саноти корхоналари томонидан жамоавий экспозиция намойиш этилди.
Жорий йилдаги кўргазмада Россиянинг 12 та вилояти ҳамда яқин ва узоқ хорижнинг 120 дан зиёд компанияси иштирок этиб, «Куз – Қиш 2017/2018» мавсумининг кенг кўламли маҳсулотларини тақдим этди.
Кўргазма доирасида 15 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вакиллари, мамлакатимиз тўқимачилик ва енгил саноат соҳаси корхоналарининг раҳбарлари иштирокида бизнес-форум ва кооперация биржаси ташкил этилиб, унда тўқимачилик, тикувчилик, озиқ-овқат саноати ва туризм соҳаларида фаолият юритаётган 80 дан ортиқ ўзбек корхоналари иштирок этди.
Бизнес-форумда енгил ва тўқимачилик саноати соҳаларида Татарстон-Ўзбекистон ҳамкорлигининг узоқ муддатли истиқболларига оид масалалар муҳокама қилиниб, икки томонлама битимлар имзоланди.
Қайд этиш керакки, мазкур тадбирлар Татарстон Республикаси Президенти жаноб Р.Миннихановнинг 2017 йил 25 сентябрдаги Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида ташкил этилган Ўзбекистон-Татарстон бизнес-форумининг якунлари бўйича эришилган келишувларга мувофиқ ўтказилди.
16 ноябрь куни бўлиб ўтадиган «Қозондаги харидлар» енгил ва тўқимачилик саноати маҳсулотлари таъминотчилари ва харидорларининг бизнес-учрашувларда иштирокчилар ўз маҳсулотларини бош директор ва харидлар бўйича директорларга намойиш этишлари мумкин бўлади. Зеро, янги маҳсулотларнинг Қозон дўконларидаги пештахталардан ўрин олиш-олмаслиги уларнинг қарорларига боғлиқ.
15.11.2017
16:52