“Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш истиқболлари” мавзуидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Россия Федерацияси Федерал Қурултойи Федерацияси кенгашининг делегацияси Федерация Кенгаши Раисининг ўринбосари жаноб И.М.Умахов бошчилигида Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрди.
Ушбу ташриф доирасида 1 декабрь куни соат 11-00да Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида “Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенгайтириш истиқболлари” мавзуидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир ташкилотчилари: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат инвестиция қўмитаси, Россия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши, Жанубий Урал савдо-саноат палатаси.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг соҳага оид вазирликлари ва идоралари, шунингдек, кимё, енгил саноат, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, авиация, металлургия, нефтгаз ускуналари, энергетика, гидротехника каби соҳаларда фаолият юритаётган ўзбек ва рус компанияларининг вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатини ўтказишдан кўзланган мақсад ўзбек ва рус компаниялари ўртасида савдо алоқалари ўрнатилишини қўллаб-қувватлаш, янги қўшма корхоналарни ташкил этиш ва янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини кўриб чиқишдан иборат бўлди.
Учрашув чоғида ССП Раиси А.Икрамов меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ўзгаришлар ва Ўзбекистон бозорида Россия компаниялари учун яратилаётган инвестициявий имкониятлар, иқтисодиётни ва валюта бозорини либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнесни қўллаб-қувватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакат иқтисодиётининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича кўрилаётган чоралар, шунингдек, амалдаги ва янги ташкил этилган ЭИЗларда чет эллик инвесторлар учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берди.
Шу билан бирга, икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикасида Россия томони иштирокида 950 дан ортиқ корхона фаолият юритади, жумладан қарийб 810 таси қўшма ва 150 таси 100% Россия капиталига эга корхоналар. Хусусан, Россия Федерациясининг 60 дан зиёд компания ва фирмаларига тегишли ваколатхоналар аккредитациядан ўтказилган.
Ўз навбатида, Россия ҳудудида Ўзбекистон Республикаси резидентлари иштирокида 570 га яқин корхона ташкил этилган.
ЎзССП Ахборот хизмати
01.12.2017
17:38