Банк-молия соҳасида экспертлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 июндаги ПФ-5087-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тартибга солишда соҳалар бўйича экспертлар кенгашлари ташкил этилди.
Жумладан, Банк-молия соҳасида ташкил этилган экспертлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши жорий йилнинг 5 декабр куни соат 14-00 да Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси кичик мажлислар залида ўтказилиши режалаштирилган.
Унда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, республикадаги риэлторлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари иштирок этиши кутилмоқда.
Иштирокчилар томонидан кун тартибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Риэлторлик фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лойиҳасини кўриб чиқиш кўзда тутилган.
Йиғилиш давомида, кўчмас мулк бозори ва риэлторлик хизматларини янада ривожлантириш, риэлторлик фаолиятини давлат томонидан тартибга солинишини соддалаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш ва бошқа масалалар бўйича экспертлар хулосаларини тайёрлаш кўзда тутилган.
Музокаралар марказида риэлторлик фаолиятини лицензиялаш ваколатини Қорақалпоғистон Республикаси Жўкорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ўтказиш, риэлторлик ташкилотининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш бўйича талабларни белгилаш, риэлторлик ташкилотлари орқали кўчмас мулк ва биноларни 6 ойгача қисқа муддатли ижарага бериш бўйича шартномаларни тузиш (кейинчалик солиқ идораларига тегишли маълумотларни тақдим этиш орқали) каби мавзуларда қизғин муҳокамалар олиб борилиши кутилмоқда.
Йиғилиш сўнгида эксперт кенгаши аъзолари томонидан иштирокчилар билдирган фикр-мулоҳазалар, тавсиялар, келтирилган муаммоли масалалар жойида ўрганилиб, уларнинг ечими бўйича тегишли чоралар кўрилади ва келгусидаги режалар белгилаб олинади.
05.12.2017
11:23