Экспертлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши дори моддаларини олиб кириш масалаларига қаратилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2017 йил 24 ноябрдаги 639-сонли буйруғи билан ўрнатилган дори моддаларини олиб киришнинг янги тартиби натижасида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда вужудга келган муаммоларни муҳокама қилиш бўйича маҳаллий дори ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари иштирокида Палатанинг ҳуқуқий масалалар бўйича Экспертлар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.
Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирининг 2017 йил 24 ноябрдаги 639-сонли буйруғи билан 2003 йил 25 сентябрдаги 426-сонли буйруғи ҳамда амалда бўлган дори моддалари ва in bulk маҳсулотларни олиб кириш тартиби бекор қилинган. Шунингдек, янги буйруққа кўра, олиб кириладиган дори моддалари ва in bulk маҳсулотлар мажбурий рўйҳатдан ўтказилиши зарур. Янги тартиб кучга киргандан сўнг дори моддалари учун 6 ой, in bulk маҳсулотлар учун 1 ой ўтиш даври ҳамда ўтиш даврида дори моддалари ва in bulk маҳсулотлар мажбурий рўйҳатдан ўтказилмаслиги белгиланган.
Йиғилиш давомида маълум бўлдики, Соғлиқни сақлаш вазирининг 639-сонли буйруғи Савдо-саноат палатаси билан келишилмаган ҳамда Адлия вазирлигидан рўйҳатдан ўтказилмаган. Шу сабабли, 2017 йил 16 ноябрда Адлия вазирлиги томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига юқоридаги буйруқни бекор қилиш ва ижродан қайтариб олиш тўғрисида 1-6/33-1324/8-сонли тақдимнома киритилган. Ушбу тақдимнома асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари томонидан юқоридаги буйруқни бекор қилиш бўйича лойиҳа тайёрланмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари томонидан юқоридаги буйруқ бекор қилиниб, янги тартибни белгилайдиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси тайёрланаётганлиги ҳамда Савдо-саноат палатасига келишиш учун юборилиши билдириб ўтилди.
Йиғилиш натижалари бўйича ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар ҳамда йиғилиш баённомаси манфаатдор ташкилотларга юборилган.
ЎзССП Ахборот хизмати
11.12.2017
13:10