“Ҳунарманд” уюшмасининг III Конференцияси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси халқ усталари, ҳунармандлари ва мусаввирлари “Ҳунарманд” уюшмасининг 2018 йил 13 январь куни Ўзбекистон Банклари Ассоциацияси мажлислар залида III Конференцияси ўтказилди.
Конференцияда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ва бошқа вазирлик, идора вакиллари, уюшманинг ҳудудий бошқарма ва бўлимлари ходимлари, шунингдек, уюшма аъзолари номидан сайланган 151 нафар делегатлар иштирок этди.
Уюшма раиси вазифасини бажарувчи А.Ҳакимов Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан 2016–2017 йилларда амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот тақдим этди ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5242-сонли Фармони ҳамда ““Ҳунарманд” уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3393-сонли Қарори ижросини таъминлаш юзасидан Уюшма олдига қўйилган вазифалар тўғрисида маъруза қилди. Унга кўра “Ҳунарманд” уюшмасини Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига уюшган аъзо сифатида аъзолик бадали тўловисиз киритилиши, “Ҳунарманд” уюшмаси раисини мавқеи бўйича Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосарига, “Ҳунарманд” уюшмасининг ҳудудий бошқарма бошлиғини Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқарма бошлиғи ўринбосарига тенглаштирилиши белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги туман ва шаҳар Тадбиркорларга кўмаклашиш марказлари томонидан ҳунармандларга ўз тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришга кўмаклашиши бўйича сўзсиз равишда хизматлар кўрсатиш, жумладан ўз бизнесини ташкил этиш ва ривожлантириш кўникмаларига ўргатиш, ҳунармандчилик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, янгидан ўз фаолиятини бошлаётган ҳунармандчилик субъектлари учун кўргазмалар ташкил этишни назарда тутилган.
Тадбир давомида уюшма аъзоларининг эркинлик, тенглик, ўз-ўзини бошқариш, қонунчилик ва ошкоралик тамойилларига асосланган ва амал қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуни, амалдаги қонун ости ҳужжатлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5242 сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунарманд” уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3393 сонли Қарорига асосан фаолият юритиши қайд этилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов сўзга чиқиб, халқ ҳунармандлиги ва амалий санъатини ривожлантириш, улар томонидан маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, шу асосда янги иш ўринлари яратиш масалалари алоҳида эътибор қаратиб, ҳунармандларнинг истиқболли лойиҳаларини молиялаштириш, бунинг учун уларга имтиёзли кредитлар ажратиш, соҳага халқаро молия институтлари инвестицияларини жалб этиш зарурлиги таъкидлаб, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан “Ҳунарманд” уюшмаси билан биргаликда ҳудудларнинг ўзига хос хусусият ва анъаналаридан келиб чиқиб, туманлар кесимида аниқ режа ишлаб чиқилиб ишлар амалга оширилаётганини маълум қилди. Шунингдек, ҳунармандларни давлат рўйхатидан ўтказиш, уларга бўш турган биноларни имтиёзли равишда бериш, асбоб-ускуна ва хомашё материаллари билан таъминлаш масалаларига тўхталиб ўтди.
Конференция кун тартибига кўра, Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшма Тафтиш комиссияси ҳисоботи тингланиб, Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси Кенгаши раиси, Кенгаши таркиби, Назорат-тафтиш комиссияси таркиби ва Назорат-тафтиш комиссияси раиси, Бадиий кенгаши таркиби ва Бадиий кенгаш раиси вазифаларига номзодлар рўйхати эълон қилинди ва делегатлар томонидан очиқ овоз бериш йўли орқали муносиб номзодлар сайланди.
“Ҳунарманд” уюшмасининг Ўзбекистон Савдо-саноат палатасига уюшган аъзо сифатида кириши тўғрисидаги ва “Ҳунарманд” уюшмасининг янги таҳрирдаги Низомини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилиб, улар юзасидан Конференция қарори қабул қилинди.
Тадбир давомида, айни вақтда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шахар бошқармаси бошлиғи лавозимини эгаллаб келаётган Улугбек Абдуллаев "Ҳунарманд" уюшмаси раиси этиб сайланди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси халқ усталари, ҳунармандлари ва мусаввирлари “Ҳунарманд” уюшмасининг III Конференцияси ўз ишини якунлади.
Маълумот: "Ҳунарманд" уюшмасининг барча вилоятлар ва туманларда 13 та бошқарма ва 157 та бўлимлари мавжуд бўлиб, бугунги кунда Республика бўйича 15 минг нафар ҳунармандлар уюшма аъзоси ҳисобланадилар. Улар миллий ҳунармандчиликнинг 34 йўналишида 1000 турдан ортиқ миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришмоқда. Бу маҳсулотлар нафақат ички бозорни балки ташқи бозорларни хам эгалламоқда. Ўтган 2016–2017 йиллар давомида 5000 га яқин ҳунармандлар ўз устахоналарида “Уста-шогирд” мактаблари ташкил этиб, 12 000 нафар ёшларга ҳунар сирларини ўргатдилар. Уюшма томонидан республикамизда ҳар йили кўплаб халқаро миқёсидаги кўргазма-танловлар, фестиваллар ташкил этилиб келинади, масалан, “Атлас байрами”, “Ипак ва зираворлар”, “Мустақил юрт ҳунармандлари”, “Ташаббус” кўрик-танловлари шулар жумласидандир. Ушбу халқаро миқёсидаги кўргазма-танловлар, фестивалларда хорижий давлатлардан ташриф буюрган ҳунармандлар ҳам мунтазам иштирок этишмоқда. Бундан ташқари ҳунармандларимиз Республика “Ҳунарманд” уюшмаси ходимлари бошчилигидаги делегация билан биргаликда хорижий давлатларда ўтказиладиган халқаро кўргазма-танловлар ва фестивалларда ҳам иштирок этиб, ўзбек миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини тарғиб қилишмоқда.
ЎзССП Ахборот хизмати
13.01.2018
17:32