Савдо-саноат палатаси раиси Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчисини қабул қилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республиками ва Қозоғистон Республикаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари яхши ривожланган бўлиб, икки давлат ўртасида иқтисодий, ижтимоий, соҳаларда муносабатларни кенгайтиришга доир кўплаб келишувларга эришилган.
Мазкур ўрнатилган ҳамкорлик алоқаларни янада кенгайтириш, мақсадида жорий йилнинг 17 - январ куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчисини қабул қилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов ўз нутқида - 2018 йил Қозоғистонда "Ўзбекистон йили” деб номланганлигини юқори эътироф этди ва икки давлат тадбиркорлари ўртасида савдо алоқаларини йўлга қўйиш ва кенгайтириш, янги қўшма корхоналарни ишга тушириш ва икки давлат ўзаро товар айланмасини янада ошириш муҳим вазифалардан бири эканлигини таъкидлади..
Қозоғистон мамлакатимизнинг савдо-иқтисодий соҳадаги муҳим шерикларидан биридир. Ўзбекистон Қозоғистон билан табиий газ, машинасозлик, минерал ўғитлар, тўқимачилик, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, мева-сабзавотни қайта ишлаш каби соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Қозоғистон капитали иштирокидаги 96 та компания, Қозоғистонда эса Ўзбекистон резиденталари иштирокида 150 дан ортиқ компания фаолият юритади.
Учрашув давомида томонлар тадбиркорлар ва инвесторлар учун зарур ахборот манбаига айланувчи бизнес майдончасини яратиш, шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш, бу орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, ўзаро инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш каби масалаларга келишилди.
Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик кўп асрлик дўстона қўшничилик, дўстлик ва ўзаро ҳурмат анъаналари билан боғланган икки халқнинг туб манфаатларига хизмат қилиб, иқтисодий тараққиёт соҳасида янги савдо йўли яратилишини назарда тутади.
Икки давлатнинг бизнес доиралари ўртасидаги алоқалар ҳамда маданий-гуманитар муносабатларнинг янада кенгайиши икки давлатнинг қардош халқлари ўртасидаги дўстлик ҳамда қўшничиликни мустаҳкамлашга қўшимча куч бағишлайди.
ЎзССП Ахборот хизмати
18.01.2018
18:22