Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот
2015 йил 19 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 9 ойида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан шу йил 16 январда республика Ҳукуматининг мажлисида белгилаб берилган 2015 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари амалга оширилишини таҳлил қилишга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда мамлакатни ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ҳамда ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни таркибий қайта ўзгартириш, саноат тармоқларини техник янгилаш ва диверсификациялаш, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини жадал ривожлантириш, шу асосда мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг жаҳон бозорларидаги мавқеини мустаҳкамлаш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижалари ҳар томонлама кўриб чиқилди ва чуқур таҳлил қилинди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, одамларнинг фаровонлигини, турмуши сифати ва даражасини ошириш масалалари ҳам мажлис қатнашчиларининг диққат-эътибори марказида бўлди.
Бугунги кунда бутун жаҳонда ривожланишнинг “ўзбек модели” сифатида эътироф этилган машҳур беш тамойилга асосланган чуқур ва пухта ўйланган стратегияни изчил ва аниқ мақсадни кўзлаб амалга ошириш туфайли жаҳонда давом этаётган иқтисодий инқирозга қарамай, Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланаётганлиги қайд этилди. Мамлакатимиз бугунги кунда иқтисодиёти жадал ривожланаётган давлатлар орасида жаҳонда бешинчи ўринни эгаллаб турганлиги ва бу халқаро ҳамжамият ва халқаро молия институтлари томонидан муносиб равишда юқори баҳоланмоқда. Жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 8,0 фоизга ўсди. Давлат бюджети профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрлардан ошмади.
Айниқса, қишлоқ жойларда маҳаллий истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни, хизматлар ва сервис соҳасини ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ички талабни мувозанатли рағбатлантириш чора-тадбирлари амалга оширилишини давом эттириш истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажмлари – 10,1 фоизга, чакана товар айланмаси – 15,0 фоизга ва хизматлар кўрсатиш – 12,9 фоизга ўсишига кўмаклашди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмлари ўсиши 6,6 фоизга таъминланди. Жорий йилдаги ноқулай об-ҳаво шароитларига қарамай, деҳқонларнинг фидокорона меҳнати ва омилкорлиги туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг мўл ҳосили етиштирилди ва йиғиб олинди. Қишлоқнинг қиёфасини тубдан яхшилаш чоралари фаол амалга оширилмоқда, янги қишлоқ массивлари қурилишида замонавий намунавий лойиҳалар бўйича 9,3 мингта якка тартибдаги уй-жой фойдаланишга топширилди.
Хусусий мулкни, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш юзасидан қабул қилинган чора-тадбирлар дастурини изчил амалга ошириш кичик бизнеснинг 21,4 мингта, ёки 2014 йилнинг шу давридагига қараганда 6,0 фоиз кўп янги субъектини ташкил этишга кўмаклашди. Кичик бизнес субъектларига давлат мулкининг 17,8 мингта фойдаланилмаётган объектлари ижарага берилди, умумий суммаси 9,6 триллион сўм банк кредитлари ва микрокредитлар ажратилди. Натижада саноат ишлаб чиқаришида, инвестицияларда, экспортда ва аҳоли бандлигида кичик бизнеснинг улуши ва роли узлуксиз ўсиши таъминланмоқда.
Аҳоли турмуши сифати ва даражасини янада ошириш йўли давом эттирилди. 748,7 мингта янги иш ўринлари, шу жумладан, қишлоқ жойларда 451,6 мингта янги иш ўрни ташкил этилди. Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб бюджет соҳаси ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар миқдорлари 1,1 маротаба оширилди. "Кексаларни эъзозлаш йили" Давлат дастури доирасида кексаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларни ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш тадбирларини амалга ошириш давом эттирилмоқда, ушбу тадбирларни молиялаштиришга барча манбалар ҳисобидан 2,0 триллион сўмдан кўпроқ маблағ йўналтирилди.
Мажлиснинг кун тартибидаги масалаларни муҳокама қилиш давомида 2015 йилда саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришнинг прогноз параметрларига ва уни диверсификациялашга сўзсиз эришишни таъминлаш, шунингдек, 2016 йилда иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам асос яратиш юзасидан қўшимча чора-тадбирларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди. Саноат тармоқларини ривожлантириш, диверсификациялаш ва модернизациялаш борасида кўрилаётган дастурий чора-тадбирлар саноат ишлаб чиқариши ҳажмларининг 7,3 фоизга ўсишини таъминлаганлиги қайд этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари олдига жорий йил якунлари бўйича саноат маҳсулоти ишлаб чиқаришнинг прогноз параметрларига эришишни таъминлайдиган барча мавжуд манбаларни ва ўсиш резервларини сафарбар этиш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди. Бошқарув тизими самарадорлигини, энг аввало, корпоратив бошқарув самарадорлигини оширишда мамлакатимиз Президентининг қарори билан ташкил этилган Корпоратив бошқарув илмий-таълим марказига муҳим ўрин юкланганлиги қайд этилди.
“Буюртмалар портфели” ўз вақтида шакллантирилиши, 2016 йил ишлаб чиқаришининг прогнозлаштирилаётган ҳажмлари учун хомашё ва материалларни, энг аввало IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ўтказиш давомида харид қилишга шартномалар тузиш, шунингдек, XI Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасида тузилган шартномаларни амалга оширишда хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги белгиланди.
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг эътибори мамлакат Президенти томонидан жорий йил сентябрь ойида Фарғона ва Наманган вилоятларига ташриф давомида белгилаб берилган вазифаларни ҳисобга олган ҳолда 2016-2019 йилларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида назарда тутилган лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш бўйича комплекс қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарурлигига қаратилди.
Мажлисда 2015 йилнинг энг муҳим объектларини ишга туширишни таъминлаш, саноат ишлаб чиқаришини модернизациялаш ва диверсификациялаш бўйича 2016-2019 йилларда назарда тутилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни бошлашни жадаллаштириш, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижалари чуқур ва батафсил таҳлил қилинди. Фаол инвестиция сиёсати олиб борилиши ва иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, замонавий инфратузилмани барпо этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари амалга оширилиши ўзлаштирилган инвестицияларнинг 9,9 фоизга, шу жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш 7,4 фоизга ўсишини таъминлаганлиги қайд этилди. 3 440 та янги объектлар фойдаланишга топширилди, юқори технологик ва замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича 76 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тугалланди. Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирувчи автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш объектлари бўйича 1,0 триллион сўмдан ортиқ маблағ ўзлаштирилди.
Ушбу масалани муҳокама қилиш давомида айрим инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда йўл қўйилган камчиликлар ва орқада қолишлар учун бир қатор хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналар раҳбарларининг фаолияти танқид қилинди. Улар олдига қолоқликнинг ўрнини тўлдириш ва амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари бўйича объектларни ўз вақтида фойдаланишга топширишни таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди, шунингдек, уларнинг шахсий жавобгарлиги чоралари белгиланди.
Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги раҳбарларига жорий йилнинг сентябрь ойида ташкил этилган Янгидан қурилаётган ва реконструкция қилинаётган ишлаб чиқариш қувватлари лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланишини, техника ва технологияларни эксперт баҳолаш агентлигининг ишини жадал ташкил этиш ва унинг бундан буён самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган комплекс чора-тадбирлар кўриш топширилди.
Мажлисда экспортнинг прогноз параметрларига эришишни сўзсиз таъминлаш, экспортга етказиб бериш турларини кўпайтириш ва географиясини кенгайтириш бўйича мавжуд резервларни энг кўп даражада сафарбар этиш, шунингдек, экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун тармоқлар ва ҳудудлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш масалаларига жиддий эътибор берилди. Жаҳон бозорларидаги ноқулай конъюнктурага қарамай, иқтисодиёт тармоқларининг экспорт салоҳиятини рағбатлантириш ва экспорт қилувчи корхоналарни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан кўрилаётган тизимли чора-тадбирлар ташқи савдо айланмасида ижобий сальдо тенденциялари сақланиб қолишини таъминлаш имконини берганлиги алоҳида таъкидланди. Йил бошидан бошлаб олдин ўз маҳсулотларини экспорт қилмаган 830 та корхона экспорт фаолиятига жалб этилди.
Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналарга, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларига экспортга етказиб бериш ҳажмларини янада кўпайтиришга ва турларини кенгайтиришга, мамлакатимиз экспорт қилувчиларининг анъанавий ташқи бозорлардаги мавқеини мустаҳкамлашга ва янги бозорларни ўзлаштиришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш топширилди.
Вазирлар Маҳкамаси мажлисида вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ҳокимликлар раҳбарларининг иқтисодиёт тармоқлари, турар жой фонди, ижтимоий соҳа ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларини куз-қиш даврига тайёрлаш, шунингдек, бўлажак куз-қиш даврига мева-сабзавот маҳсулотлари ва картошка ғамлаш ишларини тугаллаш тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилди.
Ушбу масалани муҳокама қилиш давомида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, “Ўзтрансгаз” компанияси, “Ўзбекэнерго”, “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятлари, шунингдек, бир қанча вазирликлар ва идоралар раҳбарларининг эътибори иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва турар жой фонди объектларининг 2015-2016 йиллар куз-қиш даврига тайёрлиги ва барқарор фаолият кўрсатиши, шу жумладан, газ-транспорт ва энергия билан таъминлайдиган объектлар барқарор ишлашини, табиий газ, кўмир ва электр энергияси узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш учун улар шахсан масъул эканлигига қаратилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий турлари ва картошкани зарур ҳажмларда ғамлашни тугаллашни жадаллаштириш, шунингдек, уларнинг қиш-баҳор даврида талабни ва нархлар конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, ички бозорда нархларнинг асоссиз равишда кескин ўсиб кетишига йўл қўймасдан аҳолига сотиш учун савдога тизимли қўйилишини таъминлаш топширилди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, республика вазирликлари, идоралари, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар ва вилоятлар ҳокимликлари раҳбарлари сўзга чиқдилар. Республика Ҳукумати мажлисига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди, уларда 2015 йилги иқтисодий дастурнинг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга оширишни сўзсиз таъминлаш ва келгуси йилда республика иқтисодиётининг барқарор ривожланиши учун ишончли кафолатлар яратиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
19.10.2015
23:49