Туркманистон миллий санот кўргазмаси ўз ишини бошлади
23 апрел куни Туркманистон Президентининг расмий ташрифи доирасида Туркманистон миллий санот кўргазмаси ўз ишини бошлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев кўргазма иштирокчиларига табрик йўллади. Уни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н. Отажонов ўқиб эшиттирди.
Кўргазманинг очилишида таъкидланганидек, Ўзбекистон ҳамда Туркманистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик йилдан-йилга изчил ривожланиб, янгича мазмун-моҳият билан бойиб бормоқда. Хусусан, савдо-иқтисодий соҳа ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири саналади.
Ўтган қисқа даврда бу борада катта натижаларга эришилди. Иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперация алоқалари мустаҳкамланди, ўзаро савдо айланмаси муттасил ўсмоқда.
Ташкил этилган кўргазма ҳам икки давлат истеъмол бозорига маҳсулот ва хизматларни кенгроқ жалб қилиш, ҳамкорликда фаолият юритишга қизиқиш билдираётган компаниялар билан муносабатларни йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга. Буни тадбирда қатнашаётган туркманистонлик ишбилармонлар ҳам алоҳида эътироф этишмоқда.
Туркманистоннинг саноат ва ишлаб чиқариш салоҳияти намойиш этилаётган ушбу кўргазма истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича шартнома ҳамда битимлар имзоланиши учун қулай бизнес мулоқоти майдони бўлиб хизмат қилади.
ЎзССП Ахборот хизмати
24.04.2018
17:16