![](/uploads/news/images/large/__0e20e685de7b8b66dfdbbdbfbb8aed4d.jpg)
“Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Пойтахтимизда “Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур конференцияни Федерация раиси Қудратилла Рафиқов кириш сўзи билан очиб, халқаро ҳамкорларга конференция ишида иштирок этаётгани ҳамда ташаббусни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди.
Шунингдек, мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий ҳимоя ишлари билан халқаро ҳамжамиятни таништириш бугунги халқаро конференциянинг асосий мақсади эканини таъкидлади.
Касаба уюшмалари умумконфедерацияси (МДҲ) Бош котиби Владимир Шербаковнинг эътирофича, Ўзбекистонда ривожланишнинг 5 та устувор йўналишини қамраб олган ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилингани ва ҳаётга тадбиқ қилинаётгани катта ижтимоий-сиёсий воқеликдир. Бундан ташқари, мазкур стратегия ҳар бир мамлакат учун муҳим бўлган барча йўналишларни қамраб олгани ва улар ичида ижтимоий химоя алохида қайд этиб ўтилгани ҳам диққатга сазовар. Биз учун Ўзбекистон томонидан барча соҳаларда қўлга киритилаётган ютуқлар муҳим аҳамиятга эга. Чунки бир минтақада ёнма-ён яшаб келаётган мамлакатлар Ўзбекистон тажрибасидан унумли фойдаланиши мумкин. Зеро, бу ерда ижтимоий ҳимоя масаласи ўзига ҳос йўсинда муваффақиятли амалга оширилаяпти.
Анжуманда Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (ACTAV) директори Мария Хелена Андре маъруза қилди. У Ўзбекистонда улкан ўзгаришлар даври бошланганини алоҳида эътироф этиб, мамлакат раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар бевосита фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, жумладан, меҳнат ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга йўналтирилганини қайд этди.
Конференциянинг иккинчи қисмида Ҳалқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер ҳамда Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси Бош котиби Шаран Барроунинг анжуман иштирокчиларига табриулари ва видеомурожаатлари намойиш қилинди.
Бош қотиб табригида конференция иштирокчиларини бутун дунё мехнаткашлари, жумладан ХКУК га аъзо ҳисобланувчи 270 миллион нафардан ортиқ ишчи - ходимлар номидан табриклаётганини алоҳида таъкидлади. Кейинги пайтларда Ўзбекистонда мехнат ҳуқуқи борасида катта ишлар амалга оширилгани, ҳусусан, болалар меҳнатидан фойдаланиш ва мажбурий меҳнатга барҳам берилгани эътироф этилди. Ўзбекистон халқаро ташкилотлар учун ҳамкорлик ва ўзаро мулоқот учун очиқ давлатга айлангани ҳам муҳим омил сифатида қайд қилинди.
25.04.2018
16:11