Тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда солиқ тўловчиларга яратилаётган қулайликларга бағишлаб видео семинар ўтказилди
Давлат солиқ қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 4 августдаги «Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар бўйича ўтказиладиган матбуот анжуманларининг ягона режаси» ижросини таъминлаш юзасидан «Тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги тўсиқларни бартараф этиш ҳамда солиқ тўловчиларга яратилаётган қулай шарт-шароитлар» мавзусига бағишланган республика видео семинари ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари, Олий хўжалик суди, Марказий банк, Бош прокуратура, вазирлик ва идоралар, ҳудудий давлат солиқ бошқармаларида ташкил етилган студияларда маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари раҳбар ходимлари, шунингдек, республика оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда Тошкент шаҳри ва ҳудудларда фаолият кўрсатаётган жами 600 нафардан ортиқ хусусий тадбиркорлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда солиқ юкини йилдан-йилга пасайтириш билан бир қаторда, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 2012-2014 йилларда тадбиркорлик соҳасини янада эркинлаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасида 15 дан ортиқ қонун ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарди. Яъни, мазкур ҳужжатда текширишларни тартибга солиш ва тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклашга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Семинарда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасида назарда тутилган жиноятни (солиқ ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) илк маротаба содир этиб, жиноят аниқлангандан кейин 30 кун давомида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган, пеня ва бошқа молиявий жарима турларини тўлаган шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилмаслиги ва у жавобгарликдан озод қилиниши белгилаб қўйилди.
Шу билан бирга, 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорларга, фаолият туридан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ёлланган ишчи учун энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида суғурта бадали ва 30 фоизи миқдорида қатъий белгиланган солиқ тўлаш шарти билан бир нафардан уч нафаргача ишчи ёллаш ҳуқуқи берилди.
Агар якка тартибдаги тадбиркорлар касб-хунар коллежи битирувчиларини ишга ёллаган ҳолатда коллежни битиргандан бошлаб ўн икки ой мобайнида ёлланма ишчилар учун белгиланган солиқдан озод этилиши белгиланди.
Фармонга мувофиқ, 2015 йил 1 июлдан бошлаб назорат қилувчи органлар томонидан микрофирма, кичик корхона ва фермер хўжаликлари фаолиятидаги барча режали текширишлар кўпи билан тўрт йилда бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларида уч йилда бир марта амалга ошириладиган бўлди. Тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, яъни бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларни ўрганишни талаб этмайдиган режали текширишлар 10 календарь кунидан ошмаслиги белгиланди.
Президентимиз Фармонида белгиланган меъёрлар 2015 йил 20 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунда ўз ифодасини топди.
Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларда тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган жавобгарлик чораларини либераллаштириш масалаларига кенг эътибор қаратилди. Жумладан, Солиқ кодексининг 108-моддасига киритилган ўзгартириш билан жиноий қонунчиликда қўллангани каби, солиққа оид бир неча ҳуқуқбузарликлар содир этган тақдирда, молиявий санкциялар ҳар бир ҳуқуқбузарликка нисбатан алоҳида-алоҳида қўлланилиши ўрнига, унча оғир бўлмаган молиявий санкцияни оғирроқ жарима билан қамраб олинишини назарда тутувчи меъёрлар билан тўлдирилди.
Масалан, бир ҳуқуқбузарлик учун энг кам иш ҳақининг 100 баравари, иккинчиси учун энг кам иш ҳақининг 50 бараваригача миқдорда жарималар белгиланган бўлса, аввалги тартиб қоидаларга кўра, ушбу иккита ҳуқуқбузарликнинг ҳар бири учун белгиланган молиявий жарималар қўлланилиб, суммаси энг кам иш ҳақининг 150 бараваригача миқдорни ташкил этар эди. Қонунчиликка киритилган ўзгартиришга асосан энди бундай ҳолларда ҳар иккала ҳуқуқбузарлик учун назарда тутилган молиявий жарималарнинг фақат оғирроқ миқдори, яъни энг кам иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима қўлланилиши белгиланди.
– Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга алоҳида еътибор қаратилмоқда - деди Тошкент шаҳридаги «SHINY FUTURE BUSINES» оилавий корхонаси раҳбари Нигора Хусанова. – Хусусан, Президентимизнинг жорий йил майдаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ишончли ҳимоясини таъминлашга Фармони қабул қилинди. Тадбирда ушбу ҳуқуқий ҳужжатда ишбилармонлик муҳити ҳамда бизнес юритиш шароитларини янада яхшилаш учун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиладиган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдик. Ўйлайманки, бу каби тадбирлар тадбиркорлик фаолиятини самарали олиб боришимизда муҳим аҳамият касб этади.
Семинарда интерактив давлат хизматларидан фойдаланишнинг бугунги аҳволи, тақдим этилаётган хизматларни такомиллаштириш юзасидан олиб борилаётган ишлар, кўрсатилаётган интерактив ва электрон хизматлар ҳамда жорий этилган электрон тўлов тизимларининг афзалликларига ҳам эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда «Электрон ҳукумат» тизимини яратишга йўналтирилган давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, барча тоифадаги тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳолига кўрсатилаётган интерактив хизматлар сифати ва турини ошириш, солиқ тизимини модернизация қилиш имкониятларини кенгайтирмоқда.
– Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш жараёнида аҳолининг янада фаол иштирок етишида Давлат солиқ қўмитасининг расмий www.солиқ.уз сайти муҳим ўрин тутади, - деди Давлат солиқ қўмитаси бўлим бошлиғи Ҳаётжон Насруллаев. – Айни пайтда ушбу сайт орқали тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга 18 турдаги интерактив ҳамда 20 турдаги электрон хизматлар кўрсатилмоқда. Эътироф этиш жоизки, барча турдаги тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ва молиявий ҳисоботларни 100 фоиз электрон шаклда тақдим этиш амалиётининг жорий этилиши ишбилармонларга қатор қулайликлар яратиши билан бир қаторда ҳисоботларни ўз вақтида қабул қилиш, қайта ишлаш, давлат бюджетига тўланадиган маблағлар бўйича маълумотларни тезкор таҳлил қилиш каби имконини берди.
Видео семинарда авваллари тадбиркорлар ҳисоботни шакллантириш ва топширишга камида 2-3 соат вақт сарфлаб, навбатда туришларига тўғри келган бўлса, ҳозирда бу жараёнлар тўлиқ автоматлаштирилиб, солиқ ҳисоботларини масофадан туриб тўғридан-тўғри юбораётганилиги алоҳида таъкидланди. Бунинг ижобий самараси нисолиқ тўловчиларнинг йилига ўртача 9 млрд. сўм маблағлари иқтисод қилинаётгани мисолида кўриш мумкин.
Жисмоний шахслар томонидан мол-мулк ва ер солиқларини «Click», «U-Pay» ҳамда «Mbank» хизматлари ёрдамида уйдан чиқмаган ҳолда тўлаш имконияти яратилди. Ундан жорий йилда 8 мингдан ортиқ солиқ тўловчилар фойдаланиб, 367 млн. сўмлик солиқни электрон шаклда тўлади. Шунингдек, солиқ тўловчи юридик шахслар интернетдаги «Шахсий кабинет»лари орқали солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни онлайн шаклда тўлаш имкониятига эга бўлдилар.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, Давлат солиқ қўмитаси томонидан ахборот-коммуникация технологияларини тадбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар нуфузли танловларда юксак баҳоланмоқда. Хусусан, расмий www.солиқ.уз сайти 2012 йилда «Уз. Миллий домени интернет фестивали» ҳамда 2015 йилда «МИТ.уз» – миллий интернет танлови»да «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви соҳасидаги органлари енг яхши сайт» номинациясида биринчи ўринни қўлга киритди. Бундан ташқари, Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилаётган турли дастурий маҳсулотлар «Best soft Uzbekistan» танловларида ғолибликни қўлга киритиб келмоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида жами 115 та давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантиришнинг ҳолати бўйича баҳоланган рейтинг натижаларига кўра, Давлат солиқ қўмитаси 95,04 балл тўплаган ҳолда биринчи ўринни эгаллади.
Семинарда қўмита маъмурий биноси фойесида солиқ тўловчиларнинг барча тоифаларига мўлжаллаб тайёрланган 50 дан ортиқ кўргазмали плакатлар, слайдлар намойиш этилди. Тадбиркорлик субъектларига берилган қулайлик ва имтиёзлар бўйича 2 мингдан ортиқ буклетлар тарқатилди.
Видео семинарда республика студияси ва ҳудудий студиялардан қатнашган тадбиркорларнинг 100 тадан ортиқ мурожаатларига мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди. Шунингдек, улар дуч келаётган турли масалалар юзасидан тегишли ташкилотлар вакиллари билан фикрлашиш, муаммоларини ечиш имконига эга бўлди.
28.10.2015
04:30