Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида “UZGUMI” миллий инновацион ишланманинг кенг миқёсда қўлланилиши” мавзусидаги илмий-амалий семинар ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, «TBS GROUP» МЧЖ ҳамда “Шарқ аёли” Ҳалқаро аёллар жамғармаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигида “UZGUMI” миллий инновацион ишланманинг кенг миқёсда қўлланилиши” мавзусидаги илмий-амалий семинар ташкил этди.
Семинар 2015 йил 10 ноябрь куни соат 10:00 да ЎзР ССП биносида бўлиб ўтди.
Семинарни ўтказишдан мақсад – ватанимизда ишлаб чиқарилган «UZGUMI» био-ўғитидан фойдаланиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама этиш ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида ундан кенг миқёсда фойдаланиш истиқболларини аниқлашдан иборатдир.
Илмий-амалий семинар ишида Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази ва Ўзбекистон Фермерлар Кенгашининг масъул ходим ва мутахассислари, илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртлари олимлари, АК ва ГАК вакиллари, шунингдек, Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Тараққиёт дастури, АҚШ халқаро ривожлантиш Агентлиги – ЮСАИД, SGS сертификациялаш компанияси ва IFC Халқаро молиявий корпорация ва бошқа шу каби халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашдилар.
Тадбир давомида республикамиздаги қатор вазирлик ва идоралар ҳамда ихтисослашган илмий-тадқиқот институтларининг етакчи олим ва мутахассислари маърузалари тингланди.
Илмий-амалий семинарда, мустақиллик йиллари давомида мамлакатимиз раҳбарияти ташаббуси билан олиб борилган ислоҳотлар ва мажмуали чора-тадбирлар натижасида аграр соҳада инновацион фаолиятни ривожлантириш ва ўғитларнинг янги авлодини ишлаб чиқариш соҳасига жорий этиш борасида меъёрий-ҳуқуқий база ва имтиёзли шароитлар яратилганлиги алоҳида таъкидланди.
Ўтказилган ушбу илмий-амалий семинар, республикамиз ҳукуматининг хусусий бизнес билан мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини ошириш дастури доирасида, шунингдек, бугунги кунда амалга оширилаётган БМТнинг ривожланиш мақсадларига кўмаклашиш Дастури доирасида режали ва тизимли равишда ҳамкорликдаги фаолиятидан далолатдир.
Ушбу тадбир, замонавий экологик-хавфсиз органик био-ўғитлардан фойдаланиш бўйича фаолият кўламини кенгайтиришга кўмаклашиш билан бирга, экология соҳасида БМТнинг минг йиллик қадриятларига эришишга хизмат қилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида илғор халқаро тажрибасидан фойдаланиш борасидаги Ўзбекистондаги тадбирлар ижобий баҳога лойиқ деб, бу кимёвий ўғитлардан фойдаланиш салмоғининг камайиши ҳисобига органик био-ўғитлардан фойдаланишнинг барқарор ўсиш суръатлари натижаси сифатида эътироф этиш мумкин.
“TBS GROUP” компанияси, ватанимиздаги инновацион ишланма - «UZGUMI» био-ўғитини яратиш ташаббускор-компанияси сифатида, 6 та етакчи илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда республикамиз қишлоқ хўжалиги майдонларида «UZGUMI» био-ўғитини синовдан ўтказиш ва қўллаш бўйича улкан ишларни амалга оширди. «UZGUMI» био-ўғити бу – экологик тоза, мутлоқ маҳаллий хомашё асосида ишлаб чиқарилаётган био-ўғитнинг янги авлодидир.
Хусусий ишлаб чиқариш салоҳияти ва қувватига эга бўлган ҳолда, “TBS GROUP” компанияси йил давомида 5000 тонна «UZGUMI» био-ўғити ишлаб чиқаришга ва бошланғич даврларда республикамизнинг ушбу ўғитга бўлган эҳиёжини қондириш имкониятига эга.
Анжуманда қилинган маъруза, билдирилган таклиф ва хулосалар асосида ушбу био-ўғитни Республикамиз кўламида қўллаш борасидаги навбатдаги тадбирлар ва уларнинг координацияси борасида баён тузилди.
12.11.2015
06:53