Тадбиркор ҳуқуқи ва манфаати қонуний ҳимоя қилинди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси аъзоси “RAUF AZIZ” хусусий корхонаси 2009 йилдан буён эркаклар устки кийимларни ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келади. Корхонада ўз фаолиятини янада ривожлантириш, маҳсулот ишлаб чиқариш қувватини ошириш, аҳолига сифатли ва арзон маҳсулотларни етказиб бериш ҳамда янги ишчи ўринларни яратиш бўйича бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда.
Бугунги кунда корхонада 50 нафардан ортиқ иш ўринлари яратилган. Корхона замонавий ишлаб чиқариш технологиялари билан жиҳозланган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотлар чет эл давлатларига экспорт қилиниб келинмоқда. Шу орқали “RAUF AZIZ” хусусий корхонаси Ватанимиз равнақига муносиб ҳиссасини кўшиб келади.
Бироқ, Корхонада 2016 йил сентябр ойида солиқ органи ходимлари томонидан корхонада қисқа муддатли текшириш ўтказилди. Текшириш якунига кўра, корхонада ҳужжатли тафтиш ўтказилган. Натижада корхона таъсисчиси А.Турғунбаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасининг 3-қисми, 228-моддаси 2-қисмининг “а,б” бандлари ва 228-моддасининг 3-қисми билан, корхона раҳбари У.Иномовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасининг 3-қисми, 189-моддаси, 228-моддаси 2-қисмининг “а,б” бандлари ва 228-моддасининг 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилган.
Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг айблаш ҳақидаги хукмига кўра, корхона раҳбари У.Иномов ва корхона таъсисчиси А.Турғунбаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддаси 3 қисми ва 189-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, А.Турғунбаев ва У.Инамовлар ҳисобидан солидар тартибда Наманган шаҳар ДСИ фойдасига 563 763 300 сўм ва 92 954 700 сўм солидар тартибда ундириш, зарарларни ундириш Наманган шаҳар прокуратураси томонидан хатланган “RAUF AZIZ” хусусий корхонаси мол-мулкларига қаратилган эди.
Бошқарма томонидан Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси орқали назорат тартибида протест келтириш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий судига ариза билан мурожаат қилинган. Натижада Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ажрими билан жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди апелляция инстанциясининг ажрими бекор қилиниб, ишни кўриш учун жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судига юборилди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судида бошқарма ходимлари иштироки таъминланиб, палата аъзоси “RAUF AZIZ” хусусий корхонаси раҳбари У.Инамов ва таъсисчиси А.Турғунбаевларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилиниб, судининг апелляция судлов хайъатининг 2018 йил 19 июн кунги ажримига асосан уларга нисбатан оқлов хукми чиқарилишига ҳамда корхонага қарашли бўлган мол-мулкларини корхонага қайтарилишига эришилди.
ЎзССП Матбуот хизмати
28.06.2018
12:35