Термиз шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари иштирокида семинар-тренинг ўтказилди
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда 11 июл куни Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида «Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва кичик бизнес ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмлари» мавзусида семинар-тренинг ўтказилган.
Семинарда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг вакиллари, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги вакиллари ҳамда табдиркорлик субъектлари иштирок этишди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаётган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди, давлат хизматлари кўрсатишнинг тўғридан-тўғри мулоқотсиз замонавий интерактив шакллари жорий этилмоқда, давлат билан ишбилармонлар ўртасида тизимли мулоқот йўлга қўйилди, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрта синфини шакллантириш, мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишнинг энг муҳим омили сифатида кичик тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан Европа тикланиш ва тараққиёт банки Марказий Осиёдаги энг йирик институционал инвесторлардан бири, айнан ушбу банк томонидан Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётининг турли тармоқларига (қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани ривожлантириш, хусусий секторни қўллаб қувватлаш ва б.қ.) 12 млрд. еврога яқин, хусусан, Ўзбекистонга ҳам қарийб 1 млрд. евро миқдорида сармоялар киритилган ва киритилаётганлиги таъкидланди.
Ҳозирги кунда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Савдо-саноат палатаси ўртасида бюджети 2.5 млн. еврони ташкил этувчи грант лойиҳа, “Кичик бизнесга маслаҳат бериш (Advice for small business)” лойиҳаси амалга оширилиб келинмоқда.
Ушбу дастур мамлакатимизда ўз фаолиятини юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун профессионал экспертлар томонидан малакали хизматлар кўрсатишни, маҳаллий корхоналарда илғор хориж тажрибасини жорий этиш орқали тадбиркорлик субъектларининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширишни кўзда тутади.
Битим доирасида амалга ошириладиган қиймати 20 минг евродан ошмайдиган (маҳаллий экспертлар иштирокида бўлса) ва 60 минг евродан (хорижий экспертлар иштирокида бўлса) кичик лойиҳалар тадбиркорларимизнинг келгуси равнақига катта ҳисса қўшади.
Эслатиб ўтамизки, 2017 йилнинг 20 июнь, 29 сентябрь, 9 ноябрь санасида Фарғона, Навои ва Тошкент шаҳарларида ташкил этилган ҳамда Фарғона, Наманган, Андижон, Бухоро, Самарқанд, Навоий Тошкент, Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг 1000 дан ортиқ тадбиркорлари иштирокида ўтган семинарлар ҳам тадбиркорларда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг қайта тикланаётган фаолиятига катта қизиқиш борлигини кўрсатди, бундан ташқари ҳудди шундай тадбир, жорий йилнинг 19 февраль куни Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида 200 дан ортиқ маҳаллий ҳамда Хоразм вилояти тадбиркорлар иштирокида бўлиб ўтди.
Шубҳасиз, бугунги семинар ҳам бевосита Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва мамлакатимизнинг ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга, уни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Семинар-тренингнинг 12 июл куни Карши шаҳрида ўтказилади.
ЎзССП Матбуот хизмати
11.07.2018
20:22