«Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва кичик бизнес ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмлари» мавзусида семинар-тренингнинг иккинчи куни Қарши шаҳрида ўтказилди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда 12 июл куни Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида «Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва кичик бизнес ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмлари» мавзусида семинар-тренингнинг иккинчи куни ўтказилди.
Семинарда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг вакиллари, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги вакиллари ҳамда табдиркорлик субъектлари иштирок этишди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда ҳусусий мулкдорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаётган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди, давлат хизматлари кўрсатишнинг тўғридан-тўғри мулоқотсиз замонавий интерактив шакллари жорий этилмоқда, давлат билан ишбилармонлар ўртасида тизимли мулоқот йўлга қўйилди, кичик бизнес ва ҳусусий тадбиркорликнинг ўрта синфини шакллантириш, мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишнинг энг муҳим омили сифатида кичик тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун ишончли ҳуқуқий кафолатлар яратилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар, Ўзбекистонда ўтган 2017 йил сентябрь ойининг бошидан миллий валютани эркин конвертация қилиш тизимига тўлиқ ўтгани мамлакатимизнинг барча тадбиркорларига катта имкониятлар берди. Бу борада тадбиркорлар учун юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларни юмшатиш бўйича барча зарур чоралар кўрилмоқда. Янги эркин иқтисодий зоналар ташкил этилиб, уларнинг сони 20 дан ошди ҳамда уларда инвесторларга кенг имтиёзлар яратиб берилаётганлигини таъкидлаб ўтишди.
Таъкидлаш жоизки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки Марказий Осиёдаги энг йирик институционал инвесторлардан биридир, айнан ушбу банк томонидан Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётининг турли тармоқларига (қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани ривожлантириш, хусусий секторни қўллаб қувватлаш ва б.қ.) 12 млрд. еврога яқин, хусусан, Ўзбекистонга ҳам қарийб 1 млрд. евро миқдорида сармоялар киритилган ва киритилмоқда.
Шуни эслатиб ўтамизки, ўтган йилнинг 8 ноябрь куни мамлакатимизда Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг доимий ваколатхонаси очилгани, икки томон ўртасида доимий равишда ҳамкорлик алоқалари мустаҳкам борилаётгани, 2017 йилнинг ўзида бир қанча учрашувларнинг, шу жумладан Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти жаноб С.Чакрабарти бошчилигидаги делегация аъзоларининг ташрифи амалга ошгани бу икки томон ўртасидаги алоқаларнинг тобора кучайиб бораётганининг яққол далилидир.
Ҳозирги кунда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Савдо-саноат палатаси ўртасида бюджети 2.5 млн. еврони ташкил этувчи грант лойиҳа, “Кичик бизнесга маслаҳат бериш (Advice for small business)” лойиҳаси амалга оширилиб келинмоқда.
Ўзбекистон Савдо саноат палатаси раисининг ўринбосари Ж.Ураков: - “Бугунги семинар ҳам бевосита Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва мамлакатимизнинг ишбилармон доиралари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга, уни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида амалга ошириладиган кичик лойиҳалар тадбиркорларимизнинг келгуси равнақига катта ҳисса қўшишига ишонаман”.
Ушбу дастур мамлакатимизда ўз фаолиятини юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун профессионал экспертлар томонидан малакали хизматлар кўрсатишни, маҳаллий корхоналарда илғор хориж тажрибасини жорий этиш орқали тадбиркорлик субъектларининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини оширишни кўзда тутади.
ЕТТБ вакиллари Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг молиялаштириш дастурига қизиқиш билдирган маҳаллий тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб борилди.
ЎзССП Матбуот хизмати
12.07.2018
21:13