Ер участкалари электрон аукцион савдоси орқали сотилади
Маълумки, жорий йилнинг 20 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.
Мазкур қарорга мувофиқ, 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб:
- юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш "E-IJRO AUKSION" ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилади;
- ер участкаларини бериш бўйича материалларни йиғиш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш фақат замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон шаклда амалга оширилади.
Шунингдек, қуйидагилар бекор қилинади (кучини йўқотган деб топилади):
- ҳисоб-китоб (смета) қиймати 2 миллиард сўм ва ундан юқори бўлган объектларни қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати даражасида тасдиқлаш;
- қурилиш (реконструкция, капитал таъмирлаш) қиймати олдин эълон қилинган қийматидан ошган ижтимоий ва фуқаролик аҳамиятга эга объектлар бўйича хулосалар бериш;
- Президентнинг 2011 йил 27 декабрдаги “Ижтимоий ва фуқаро объектларини лойиҳалаш ва қуришда тегишли тартиб ўрнатиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1666 сон қарори.
ЎзССП Матбуот хизмати
18.07.2018
12:24