Хоразм вилоятида тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди
2018 йил 15 август куни Хоразм вилоятида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Бош прокуратура, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ҳамда Бандлик ва мехнат муносабатлари вазирлиги ходимлари билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектлари учун улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масаласига бағишланган очиқ семинар ўтказилди.
Семинар мобайнида жорий йилнинг I-ярим йиллигида аниқланган қонунбузилиш холатлари, улар содир этилиши сабаблари ва имкон яратаётган шарт-шароитлар танқидий муҳокама қилинди. Шу билан бир қаторда семинар давомида тадбиркорлар томонидан содир этилаётган жиноятлар учун белгиланган жавобгарлик, коррупция моҳияти ва унга қарши курашиш масаласи бўйича атрофлича тушунтириш берилди.
Тадбирда тадбиркорлар доирасида қонунийликни мустаҳкамлаш, янги қабул қилинаётган қонун хужжатларини жойларда самарали ижро этилиши, мавжуд муаммолар ечимини топиш, тадбиркорларнинг ҳуқуқий онги ва бизнес юритиш маданиятини юксалтириш ва ижтимоий масъулиятини ошириш хусусида кенг фикр алмашилди.
Учрашувда тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.
Ўз ССП Матбуот хизмати
15.08.2018
17:38