Тараққиётимизнинг ишончли таянчи
Тошкентда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари IV миллий форумининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон Экологик ҳаракати ва бошқа жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилди.
“Дахлдорлик ҳисси билан Ватан равнақи сари” шиори остида ўтказилган форумнинг дастлабки босқичи жорий йилнинг 25-28 ноябрь кунлари барча ҳудудларда ўтказилиб, унда 2,5 мингдан ортиқ ННТ ва давлат органи вакиллари иштирок этди.
Форумда жамиятда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган соғлом ва баркамол авлодни миллий қадриятлар ва анъаналар, Ватанга бўлган муҳаббат руҳида тарбиялашда ННТлар ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий ҳаётида уларнинг кенг иштирокини таъминлаш борасида ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда ННТ иштирокини кенгайтириш, жойлардаги ижтимоий-гуманитар масалаларни ҳал этишда фуқароларнинг кўнгилли ва хайрия фаолиятини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама этилди.
Тадбирда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинадиган, унинг салоҳиятини юзага чиқариш учун қулай шарт-шароитларни таъминлайдиган кучли фуқаролик жамияти қарор топаётгани таъкидланди. Бунда фуқаролик жамияти институтлари, жумладан, ўзини ўзи бошқариш органлари, ННТларни янада ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосида “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари" тамойилини ҳаётга татбиқ этиш учун энг юксак демократик талабларга жавоб берадиган, фуқаролик жамияти институтларининг эркин ривожланишини таъминлашга қаратилган 250 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатини мужассам этган мустаҳкам ҳуқуқий база яратилди. Шу билан бирга, кейинги йилларда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ННТларни рўйхатга олиш, уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартибини соддалаштирди. Бугунги кунда мамлакатимизда жамият ҳаётининг турли соҳаларида 8 минг 200 дан зиёд ННТ фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоцияцияси давлат бошқаруви органлари ва ННТлар ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтамоқда.
Юртимизда ушбу демократик жараённи давлат томонидан рағбатлантиришнинг ўзига хос тизими яратилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва унинг маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси шу мақсадда фаолият юритаётир. 2008-2015 йилларда мазкур фонд орқали ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ижтимоий аҳамиятга эга ўз лойиҳаларини амалга ошириш учун давлат бюджетидан 47,7 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бу маблағлар давлат ижтимоий буюртмаси, гранти ва субсидияси шаклида тақсимланди.
Давлат томонидан яратилаётган қулай шароитлар, берилаётган имтиёз ва имкониятлар фуқаролик институтларининг давлат ва жамоат ишларини бошқаришдаги фаол иштирокини кучайтирмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ННТлар фаолиятини, уларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги ваколатини кенгайтириш ва фаоллаштиришда янги босқични бошлаб берди.
Концепция асосида сўнгги беш йилда нодавлат нотижорат ташкилотларини жадал ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган “Экологик назорат тўғрисида”, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида” ва “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинди.
2013 йилда кенг жамоатчилик муҳокамасидан сўнг “Экологик назорат тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонуннинг мақсади экологик назоратни амалга ошириш, атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича ҳудудлардаги вазиятни мониторинг қилишда жамият ва нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокини янада фаоллаштиришга қаратилган.
“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши фуқаролик жамияти институтлари мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Мазкур қонунга кўра, давлат органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатларга оид ахборотдан аҳоли, нодавлат нотижорат ташкилотларининг кенг фойдаланиши таъминланмоқда.
“Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши фуқаролик жамиятини янада ривожлантиришни таъминлашда муҳим аҳамият касб этди. Қонун давлат органларининг ННТлар билан ҳамкорлигининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштирди, ижтимоий-иқтисодий дастурлар ва қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини кучайтирди.
Жамоатчилик назоратининг меъёрий-ҳуқуқий базасини янада ривожлантириш вазифаларини конституциявий даражага кўтариш фуқаролик жамияти институтларининг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги ролини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги ташаббусига биноан 2014 йилда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди.
Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 32-моддасига киритилган қўшимчага мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда ўзини ўзи бошқариш органлари, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадир.
Форумда давлат органлари ва ННТлар ўртасидаги ижтимоий шериклик ҳамда жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг самарали тизимини шакллантириш жараёнидаги мавжуд имкониятлар ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди. Бунда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли таъминлашда, қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ННТларнинг иштирокини кенгайтириш, жойлардаги социал-иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар соҳалардаги масалаларни ҳал этишда ННТларнинг ролини ошириш, ННТ ва тадбиркорлик субъектларининг ҳамкорлигини кучайтиришга эътибор қаратилди.
2015 йилнинг ўтган даврида 6 танлов ўтказилган бўлса, унда 277 ННТнинг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари давлат томонидан қўллаб-қувватланиб, уларга 10 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Эътиборлиси, ушбу лойиҳаларнинг аксарияти “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурини амалга оширишда фаол иштирок этди.
Форум доирасида “Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий ҳаётида уларнинг кенг иштирокини тўлақонли таъминлаш соҳасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш”, “ННТларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳаларидаги дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги иштироки, уларнинг табиатни муҳофаза қилиш борасидаги фаолияти самарадорлигини ошириш”, “Жойларда ижтимоий-гуманитар масалаларни ҳал этишда фуқароларнинг кўнгилли ва хайрия фаолиятини ривожлантириш” каби мавзуларда давра суҳбатлари бўлиб ўтди.
Давра суҳбатлари бўйича якуний ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва уларнинг тақдимотлари ташкил этилди.
Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг республика, тармоқ ва ҳудудий дастурларини, жумладан, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурининг амалий натижаларини ўрганиш ҳамда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурига таклифларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Мамлакат босқичида республика ва ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Улар орасидан 62 нафарига, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танлови ғолибларига умумий ҳажми 1,5 миллиард сўмлик давлат гранти сертификатлари топширилди.
Манба: Uza.uz
13.12.2015
23:55