“Юридик хизмат ва ҳакамлик судлари: ҳуқуқий асослари ва амалиёт” мавзусида семинар ташкил қилинди
“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси ва Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик суди томонидан жорий йилнинг 8 сентябрь куни Тошкент шаҳрида “Юридик хизмат ва ҳакамлик судлари: ҳуқуқий асослари ва амалиёт” мавзусида семинар ташкил қилинди.
Семинарда “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси ва унинг таркибига кирувчи корхоналар юридик хизмати ходимлари иштирок этдилар.
Унда “Юридик хизмат фаолиятининг ҳуқуқий асослари, долзарб муаммолари ва уларнинг ечимлари”, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳакамлик судларининг роли” мавзуларида маърузалар тингланди.
“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси раиси Фаррух Пулатов дон ва донни қайта ишлаш маҳсулотларини сақланиши, етказилган зарарларни ундириш, контрактация шартномалари бўйича мажбуриятларни бажармаганлик учун пеня ва жарималарни қўллаш, корхоналар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда юридик хизмат ходимларининг роли ва масъулиятини ошириш, шу билан биргаликда уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар кўрилиши лозимлигига эътибор қаратди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик судининг раиси Фозилжон Отахонов ўз маърузасида 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни ижро этиш, хусусий мулкчилик ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш мақсадида 2018 йил 9 июлда “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонун янги таҳрирда қабул қилинганлигини таъкидлаб, мазкур Қонунга мувофиқ Ҳакамлик судлари илк бор Палата тизимига киритилганлиги, иқтисодий низоларни ҳал қилиш учун Палатага Ҳакамлик судларини ташкил этиш ҳуқуқи берилганлиги, Ҳакамлик судлари Палата ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида фаолият кўрсатиши алоҳида моддада белгиланганлигини қайд қилди.
Семинар кун тартибидаги масалалар савол-жавоблар асосида ҳар томонланма муҳокама қилинди. Жумладан, юридик хизмат ходимларининг асосий вазифалари, функциялари ва жавобгарлиги, ҳакамлик муҳокамаси афзалликлари, Ҳакамлик судларига мурожаат қилиш тартиби, унинг ҳал қилув қарорларини ихтиёрий ва мажбурий ижро қилиш масалалари семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Ўз ССП Матбуот хизмати
10.09.2018
06:17