“Корпоратив бошқарув Кодекси, унинг акциядорлик жамиятлари фаолиятининг очиқлигини ошириш, уларда корпоратив бошқарувнинг илғор услубларини жорий этишдаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги семинар бўлиб ўтди
2015 йил 17 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси ташаббуси билан ташкил этилган “Корпоратив бошқарув Кодекси, унинг акциядорлик жамиятлари фаолиятининг очиқлигини ошириш, уларда корпоратив бошқарувнинг илғор услубларини жорий этишдаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, акциядорлик компаниялари, акциядорлик жамиятлари вакиллари иштирок этдилар.
Маълумки, иқтисодиётда давлат иштироки улушини камайтириш, хусусий мулкчиликнинг ўрни ва аҳамиятини янада ошириш, ҳақиқий рақобат муҳитини шакллантириш ва шу орқали ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг, корхоналарнинг, умуман иқтисодиётнинг рақобатдошлигини ошириш, фонд бозори, хусусан иккиламчи фонд бозорини жадал ривожлантириш, корпоратив бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш унинг илғор услубларини жорий этиш, акциядорлик жамиятлари очиқлигини ошириш муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Мустақиллик йиллари давомида корпоратив бошқарувни такомиллаштириш бўйича етарли меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилганига қарамасдан, бугунги кунда ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари ҳалқаро меъёрларни жорий этган ҳолда янада такомиллаштиришга эҳтиёж мавжуд.
Акциядорлик жамиятларининг фаолияти “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги, “Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари ва бир қатор қонуности ва идоравий ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Бироқ, бугунги кунга келиб, корпоратив бошқарувнинг илғор услубларини жорий этиш бўйича тавсиялар, жумладан, узоқ муддатли истиқболда ривожланиш стратегияси ва вазифалари, ички назорат тизимлари ва ижро органининг акциядорлар ҳамда инвесторлар билан самарали ўзаро ҳамкорлик механизмларини белгилаш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг кўлами, тармоқ хусусиятлари ва йўналишларини инобатга олган ҳолда, намунавий ташкилий тузилмани жорий қилиш, акциядорлик жамиятлари фаолиятининг очиқлигини ошириш, улар томонидан халқаро стандартлар асосида аудит ва молиявий ҳисобот ахборотини нашр қилишни кўзда тутувчи ягона ҳужжатни ишлаб чиқиш зарурати юзага келди.
Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 24 апрелдаги “Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Германия ҳамда бошқа ривожланган давлатларнинг муваффақиятли тажрибаси асосида Корпоратив бошқарув кодексини ишлаб чиқиш белгилаб берилди.
Корпоратив бошқарув тизимига замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий қилиш, корхоналарни стратегик бошқаришда акциядорлар ролини кучайтириш учун қулай шароитлар яратишга йўналтирилган мазкур Кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти, мамлакатимиз иқтисодиётида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, корпоратив бошқарувга оид мавжуд қонунчиликни янада такомиллаштириш билан асосланади.
Ўзбекистон Республикасининг Корпоратив бошқарув кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида Германия, Буюкбритания, Россия Федерацияси, Украина, Қозоғистон Республикаларининг Корпоратив бошқарув кодекслари ўрганиб чиқилди.
Корпоратив бошқарув кодекси фаолият очиқлигининг юқори стандартларини жорий қилиш, директорлик корпуси масъулиятини ошириш, акциядорлик жамиятларини бошқаришда акциядорларнинг, жумладан миноритар акциядорларнинг ролини ошириш, корпоратив бошқарув соҳасидаги низоларни ҳал қилиш, корпоратив бошқарув тизимида юқори самарадорликка эришиш имконини беради.
Семинар қизғин баҳс-мунозалар билан ўтди.
17.12.2015
02:38