Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида Давра суҳбати ўтказилди
23 декабрь куни бўлиб ўтган давра суҳбатида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Бош прокуратура, Марказий банк, вазирлик ва идоралар мутасаддилари, ҳамкор ташкилотлар, иш берувчилар, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ва ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмалари раислари меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалаларни муҳокама этдилар.
Таъкидлаш жоизки, худди шу мавзудаги Давра суҳбатлари республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида ҳам ўтказилиб, ходимлар манфаатлари билан боғлиқ бўлган кўплаб ижтимоий масалалар жойида ҳал бўлишига эришилди. Республика Давра суҳбатида эса республика даражасида ҳал этилиши лозим бўлган бир қатор масалалар муҳокама этилиб, уларни ҳал этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди. Хусусан, иштирокчилар томонидан бандлик, ижтимоий ҳимоя, янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш масалалари бўйича фикр ва мулоҳазалар алмашиниб, галдаги вазифалар келишиб олинди.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, кейинги йилларда республикамизнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида кўплаб ижобий ўзгаришлар рўй берди. Жумладан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётда хусусий мулк улушини кўпайтириш мақсадида тадбиркорлик фаолияти эркинликларини кафолатлаш ишлари янги поғонага кўтарилди. 2015 йилда микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиз миқдорида белгилаб қўйилди. Шу тариқа тадбиркорлар ва фермерлар ходимлар билан меҳнат муносабатларини расмийлаштиришга рағбатлантирилди.
Соддалаштирилган тизим бўйича солиқ тўловчи қурилиш ташкилотлари учун ягона солиқ ставкаси 6 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилди. Коллеж битирувчилари якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтганда уларнинг 6 ой мобайнида қатъий белгиланган солиқдан озод қилиниши имтиёзи жорий этилиб, бу орқали коллеж битирувчиларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғуланишлари учун кенг имкониятлар яратилди.
Жорий йилда аҳолининг реал даромадларини ошириш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракатини янада ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий масалаларни ечиш борасидаги ишлар изчил давом эттирилди. Мазкур жараёнларда республика касаба уюшмаларининг ҳам фаол иштироки таъминланди. Хусусан, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида касаба уюшмалари фаол иштирок этдилар. Янги тахрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Қариялар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа тоифаларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунлар лойиҳалари юзасидан 160 дан ортиқ таклифлар киритилди, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича 77 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга эксперт ҳулосалари тақдим этилди.
Тадбирда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан аҳоли билан қайта алоқа тизими жорий этилиб, аксарият ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик бўлган масалаларнинг жойида ҳал этилиши таъминланмоқда.
Биргина 2015 йил давомида касаба уюшма ташкилотларида фуқаролардан келган меҳнат соҳасига оид 7 минг 866 та мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг 90 фоизга яқини ижобий ҳал этилди. Касаба уюшмалари томонидан судларга киритилган 115 та даъво аризалари ва иш берувчиларга киритилган 463 та тақдимнома қаноатлантирилиши натижасида 1 минг 438 нафар фуқаронинг қонуний ҳуқуқлари тикланди. Шунингдек, фуқароларга бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини кенгайтириш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашида ташкил этилган Юридик клиника мутахассислари томонидан 200 дан ортиқ мурожаатлар ўрганилди.
Давра суҳбатида иш ҳақи, кичик бизнес ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бандлик, шунингдек, ўрта махсу сўқув муассасаларини тугатган ёш мутахассисларни ишга жойлаштириш йўналишларига оид Ҳукумат Қарорлари ва бошқа қатор норматив ҳужжатларнинг амалдаги ижросига тааллуқли бўлган масалалар кўриб чиқилди. Турли тармоқлардаги корхона ва ташкилотларда йўлга қўйилган меҳнат муҳофазаси ишлари, ходимларнинг бепул тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш, иш ўринлари аттестацияси, тор соҳалар бўйича мутахассислар малакасини ошириш масалалари катта қизиқиш билан муҳокама этилди.
Давра суҳбати иштирокчилари касаба уюшмалари Федерацияси томонидан жамоа шартномаларини ҳар бир тармоқ хусусиятидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқиш амалиётининг жорий этилгани ижобий баҳоланди. Мазкур тажрибани иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат шартномасини тузиш жараёнида ҳам татбиқ этилиши мақсадга мувофиқ эканлиги, бунинг натижасида турли тармоқ ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини яратишда иш берувчилар масъулиятини яна ошириш имкони яратилиши таъкидланди.
– Меҳнат соҳасидаги долзарб масалаларнинг муҳокамаси барча иштирокчилар учун ниҳоятда фойдали бўлди, – деди Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Зулайҳо Маҳкамова. – Хусусан, тадбирга йиғилганлар ижтимоий ҳимоянинг турли жиҳатлари, иш ўринларини яратиш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, меҳнат муҳофазаси каби масалалар бўйича фикр алмашдилар. Тадбирда давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ижтимоий шериклигидаги фаолият йўналишларининг барчаси қамраб олинди.
Тадбирга йиғилганлар ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.
Иштирокчилар томонидан мазкур Давра суҳбати ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги масалаларнинг самарали ҳал этилишини таъминлаши таъкидланди. Давлат органлари, касаба уюшмалари ва иш берувчилар келгусида меҳнат соҳасидаги масалаларни самарали ҳал этиш борасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш тўғрисида келишиб олдилар.
Манба: Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши матбуот хизмати
24.12.2015
11:16