«Ташаббус-2018» кўрик танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи якунланди
Йилдан йилга давлатимизда тадбиркорлар учун яратилган имтиёзлар кенгайиб бормоқда, бу соҳада қабул қилинаётган Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Президент фармонлари, қарорлари, шунингдек Ҳукумат қарорлари билан қонунчилик асослари такомиллаштирилмоқда.
«Ташаббус 2018» кўрик-танлов мамлакатимиз иқтисодиётидаги мухим воқеалардан бўлиб, айниқса кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қўвватлаш ва рағбатлантириш борасида катта аҳамиятга эга. Бу йилги кўрик-танлов 22-маротаба ўтказилмоқда.
Танлов-мусобақани ўтказишдан максад – худудларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожланишини рағбатлантирувчи бизнес муҳит яратиш, мамлакат иқтисодиётида хусусий секторнинг улуши ва аҳамиятини ошириш, тадбиркорларнинг касбий маҳорати ва билим даражасини ошириш учун зарурий шарт-шароит яратиш, тадбиркорлик фаолиятидаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, тадбиркорлар ўртасида хўжалик алоқаларини кенгайтириш ва улар ишлаб чиқараётган маҳсулотларни реклама қилишга кўмаклашиш, тадбиркорлик фаолиятида корпоратив бошқарув тамойилларини жорий этишга кўмаклашиш ҳисобланади.
Кўрик-танлов мусобақа тартибига кўра уч босқичда: 1-босқич туман ва шахар босқичи хисобланиб, унда асосий йўналишлар, яъни Саноат соҳасида- «Энг яхши тадбиркор», Хизмат курсатиш соҳасида- «Энг яхши тадбиркор», «Энг яхши ёш тадбиркор»,«Энг яхши фермер» ва «Энг яхши ҳунарманд» йўналишлари бўйича ғолиб бўлганлар 2-босқич, яъни Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланма олади. Ўз навбатида Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиблари 3-босқич, Ўзбекистон Республикаси финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритадилар.
«Ташаббус-2018» танлов-мусобақасининг шаҳар ва туман босқичлари шу йилнинг 2018 йил 13-28 сентябрь кунлари бўлиб ўтиб, ғолиблар аниқланди ва улар Республика босқичига йулланмани қўлга киритди. Танлов-мусобақада йил якунларига кўра юқори кўрсаткичларга эришган ва тадбиркорликни ривожлантиришга катта хисса қўшган тадбиркорлар, фермер ва ҳунармандлар бешта асосий Саноат соҳасида- «Энг яхши тадбиркор», Хизмат курсатиш соҳасида- «Энг яхши тадбиркор», «Энг яхши ёш тадбиркор», «Энг яхши фермер» ва «Энг яхши ҳунарманд» йўналишлари бўйича беллашишди. Қорақалпоғистон Респуликаси туман ва шахар босқичларида асосий йўналишлар бўйича жами 500 га яқин иштирокчи қатнашиб, шулардан 79 таси Қорақалроғистон Республикаси босқичига келиб иштирок этишди.
Танлов-мусобақанинг ташкилотчилари – Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Фермерлар кенгаши ва Қорақалпоғистон Республикаси «Хунарманд» бошқармаси.
2018 йил 17 октябрь куни 1-сон болалар-ўсмирлар спорт мактабида (Манеж) «Ташаббус-2018» кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи иштирокчиларининг маҳсулотлар кўргазмаси ва Бердақ номидаги Қорақалпоқ Давлат академик мусиқий театрида ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жоқарғы Кенгеси бошлиғи ўринбосари А.Хамраев очиб берди.
Сўнг Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи А.Ибрагимов сўзга чиқиб у Республика босқичида:
- Саноат соҳасида «Энг яхши тадбиркор» - "Nukus Evro Stroy" маъсулияти чекланган жамияти раҳбари - Шымбергенов Азат;
- Хизмат курсатиш соҳасида «Энг яхши тадбиркор» - "Muynak tour" маъсулияти чекланган жамияти раҳбари - Бегжанова Амина;
- «Энг яхши ёш тадбиркор» "ORALBAY NUKUS" - Сержанов Памир;
- «Энг яхши фермер» - "PORTAU TARTULI" фермер хўжалиги - Суинов Байрам;
- «Энг яхши ҳунарманд» - Тажимуратов Адил йўналишлари бўйича, шунингдек асосий уч йўналишдан ташқари қўшимча номинациялар: яъни, «Энг яхши тадбиркор аёл», «Энг яхши инновацион лойиҳа», «Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор», «Менинг юртим-менинг ифтихорим», «Энг яхши оилавий бизнес соҳиби» ва бошқа номинациялар бўйича ғолиблар аниқланишини айтиб ўтди. Шунингдек, давлатимизда ёшларнинг тадбиркорлик соҳаси билан шуғилланишларини қўллаб-қўвватлаш, уларнинг ишлаб чиқараётган маҳсулотлари экспортини янада ривожлантириш мақсадида «Менинг юртим маҳсулотлари жаҳон бозорида» номинацияси ўтган йилдан жорий этилиб, бу буйича ғолиблар аниқланиб, улар махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишини айтиб ўтди. Куннинг биринчи ярмида шаҳар ва туман босқичи ғолибларининг кўргазмалари билан бирга озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг савдо ярмаркалари ташкиллаштирилди. Кўргазмани тамоша қилишга барча туман ва шаҳарлардан 1500 га яқин тамошабинлар келди.
Республика босқичининг асосий бешта йўналиши бўйича ғолиблар шу йилнинг 14-16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган финал босқичида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритдилар.
Танлов-мусобақа қорақалпоқ эстрада юлдузлари ва ёш ижрочилар иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.
Ўз ССП Ахборот ҳизмати t.me/uzchamber
19.10.2018
11:49