Тадбиркорлик ривожи – тараққиётнинг муҳим омили
Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек, тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар улуши 2010 йилдаги 47,1 фоиз ўрнига 52 фоизга ўсган ва бу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларидаги кўрсаткичлардан сезиларли даражада юқоридир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор самарасида кичик бизнеснинг иқтисодиётимиздаги улуши тобора ортиб, юртдошларимизда келажакка ишонч, юрт тақдирига дахлдорлик туйғуси кучайиб бораётир.
2015 йилда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш борасида тарихий аҳамиятга молик ишлар амалга оширилди. Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Давлатимиз раҳбарининг маърузасини тинглаб, мамлакатимизда тадбиркорлар учун нечоғли катта имкониятлар яратилгани яна бир бор кўз ўнгимдан ўтди, – дейди Тошкент вилоятидаги “Olplast” қўшма корхонаси масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори Неъматилла Деҳқонов. – Солиқ ва статистика ҳисоботларини топшириш, корхонани давлат рўйхатидан ўтказишнинг электрон шакли жорий этилгани зиммамиздаги юкни енгиллатди. 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб турли рухсат бериш характеридаги ҳужжат ва лицензияларни туман ҳокимликлари қошидаги тадбиркорларга давлат хизматларини «ягона дарча» марказлари орқали расмийлаштириш йўлга қўйилгани улар учун яна бир катта қулайлик бўлди.
Ҳар қандай инсон иш фаолияти давомида билиб-билмай хатога йўл қўйиши мумкин. Хўш, у ўнлаб оилалар фаровонлигини таъминлашга хизмат қилаётган тадбиркор бўлса-чи? Ўтган йилда амалдаги қонунчилик янада либераллаштирилгани кичик бизнес субъектлари учун бу борада муҳим имконият бўлди.
2015 йил 20 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун мазмун-моҳиятига халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенглик сингари қадриятлар сингдирилганини кузатиш қийин эмас.
Яна бир янги тартиб – солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноятни илк маротаба содир этган шахс жиноят аниқланган кундан 30 кун мобайнида давлатга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган бўлса, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилмай, жавобгарликдан озод этилиши нафақат Ўзбекистонда, балки халқаро амалиётда ягона ҳуқуқий меъёр сифатида қайд этилди.
– Илгари кирим қилинмаган товарларни сақлаганлик учун ушбу товарлар давлат фойдасига мусодара қилинар ҳамда уларнинг қиймати миқдорида жарима солинарди, бу тадбиркорнинг молиявий ҳолати ёмонлашувига олиб келар эди, – дейди «Berk» масъулияти чекланган жамияти директори Фурқат Қаландаров. – Янги тартибга мувофиқ кирим қилинмаган товар давлат даромадига ўтказилса, товар қийматида молиявий санкция қўлланилмаслиги белгиланди.
Қирқдан ортиқ қонунчилик ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни ўзида акс эттирган мазкур қонун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат қилувчи ва бошқа давлат органлари ходимларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ноқонуний аралашуви ва тўсқинликлари учун жавобгарликни кучайтиришда муҳим ҳужжат бўлди.
– Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қиладиган бошқа жиноятлар бўйича алоҳида боб киритилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи ўринбосари Икром Исканов. – Масалан, маҳаллий ҳокимликлар ёки назорат органлари томонидан тадбиркорни ҳомийликка ва бошқа шу турдаги тадбирларга мажбурий жалб қилиш Жиноят кодексининг 1924-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортиладиган бўлди. ЖКнинг 1922-моддасида тадбиркорни ноқонуний текшириш ёки шундай ташаббус билан чиққан назорат органларига нисбатан жиноий жавобгарлик чоралари белгиланди.
2015 йилнинг 1 июлидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг бизнес тузилмалари фаолиятига асоссиз аралашиши, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ мурожаатларни узлуксиз қабул қилиш тизими жорий этилгани қонун ва қонунийликнинг, адолат мезонларининг амалда қўпол равишда бузилиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан ўз бурчига совуққонлик билан қарашнинг олдини олиш имконини берди. Чунончи, ўтган даврда ушбу тизим орқали прокуратура органларига 1 минг 500 дан зиёд тадбиркор мурожаат қилган бўлса, уларнинг қарийб учдан бир қисми тадбиркорлар фойдасига ҳал этилган.
2015 йилнинг 27 октябрида Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси томонидан эълон қилинган «Бизнесни юритиш 2016: тартибга солиш сифати ва самарадорлигини баҳолаш» ҳисоботида қулай ишбилармонлик муҳити параметрлари бўйича мамлакатимиз дунёнинг 189 мамлакати орасида 87-ўринни эгаллаб, ўтган йилдагига нисбатан 16 поғонага кўтарилгани саъй-ҳаракатлар кўлами ва маҳсули дунё жамоатчилиги томонидан ҳам эътироф этилаётганини кўрсатади.
Ўзбекистон бугун ялпи ички маҳсулот муттасил ошаётган, халқимиз фаровонлиги ортаётган, маҳсулот ва хизматлари кўплаб мамлакатларга экспорт қилинаётган улкан салоҳиятли давлатга айланди. Истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ давлатимиз раҳбари Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг "ўзбек модели" маҳсули бўлган бу ўзгаришлар, пировардида, халқимизнинг турмуш фаровонлиги янада юксалиши, юртимиз бундан-да гуллаб-яшнашига хизмат қилади.
Манба: uza.uz
22.01.2016
08:38