ТУРИЗМ СОҲАСИДА БИЗНЕСНИ ЮРИТИШ ВА КЕНГАЙТИРИШ ИСТАГИДА БЎЛГАН ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ ДИҚҚАТИГА!
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 февралдаги “Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги 31-сонли қарорига мувофиқ Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги шаҳарнинг марказий қисмида жойлашган тарихий-маданий мажмуаларни қайта реконструкция қилиш, янгидан тиклаш ва туризм инфратузилма объектларини барпо этиш чоралари кўрилмоқда.
Ҳозирги кунда Шаҳрисабзнинг марказида жойлашган “Оқ сарой” тарихий-маданий мажмуасида турли тарихий ва маданий ёдгорликлар, бинолар, тарихий қадамжойларни ўз ичига оладиган ягона туристик мажмуа барпо этилмоқда. Хусусан, “Оқ сарой” мажмуаси ўз ичига “Дорус-саодат”, “Дорут-тиловат” мажмуалари, “Чорсу” маданий ёдгорлиги, “Чубин” мадрасаси, “Кова” карвонсаройи, “Абдушукур оғалик” мадрасаси ва бошқа ўнлаб тарихий ёдгорликларни қамраб олади.
Шаҳрисабз туманида туристик соҳада хизмат кўрсатувчи инфратузилма объектларини кенгайтириш мақсадида “Оқ сарой” мажмуасининг Амир Темур майдони ва Хиёбон майдони бўйлаб ўнг ва чап томонларда 2-3 қаватли турар жой бинолари ва хорижий туристлар учун хизмат кўрсатувчи турли объектлар (дўконлар, ҳунармандчилик устахоналари, кичик меҳмонхоналар, кафе ва чойхоналар, савдо шаҳобчалари) қурилиб битказилмоқда. Мазкур ҳудудда хорижий ва маҳаллий туристларга комплекс хизмат кўрсатишни ташкил этиш мақсадида ушбу қурилаётган бино ва иншоотларга ҳунармандчилик ва амалий халқ санъатининг турли йўналишларида (наққошлик, сўзаначилик, темирчилик, мисгарлик, пичоқчилик, миллий либослар тикиш, заргарлик, миниатюра рассмочилиги, гиламчилик, кулолчилик, сополчилик, ёғоч ўймакорлиги) устахоналар ва дўконларни жойлаштириш кўзда тутилган.
Шу билан бирга “Оқ сарой” мажмуасида хорижий туристлар учун анъанавий усулда ташкил этиладиган кичик уй меҳмонхоналари, чойхона, сувенирлар дўкони ва бошқа хизмат кўрсатиш объектларини ҳам ташкил этиш режалаштирилган.
Маҳаллий тадбиркорлик субъектларига таклиф этиладиган туристик инфратузилма объектлари чекланган сонга эга бўлиб, “Оқ сарой” мажмуасида туристик соҳада бизнес фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган барча тадбиркорлик субъектларини хизмат кўрсатиш объектларини харид қилишга таклиф этамиз.
Маҳаллий тадбиркорлик субъектлари Шаҳрисабз туманидаги “Оқ сарой” мажмуасида туристлар учун хизматлар кўрсатишга мўлжалланган объектлар, уларни мажмуада жойлашиш тартиби ва уларни харид қилиш шартлари юзасидан батафсил маълумот олиш учун 2016 йил 20 февралга қадар Палатанинг Замонавий мини-технологиялар ва хорижий инвестицияларни жалб этиш бўлими масъул ходими Усмонов Ғафуржонга (телефон рақами +99871 150-60-07) ёки Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси масъул ходими Элмирзаев Мақсудга (телефон рақами +99893 555-21-69) ёки Шаҳрисабз тумани Ахборот-маслаҳат маркази бошлиғи Зайниддинов Самариддинга (телефон рақами +99893 553-01-00) мурожаат қилишлари мумкин.
22.01.2016
10:31