Инвесторлар ва тадбиркорларга пуллик магистрал йўллар қуриш учун йўл ва ер участкалари берилади.
2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепциясини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, инвесторлар ва тадбиркорларга давлат-хусусий шериклик асосида қуйидагилар берилади:
- пуллик магистрал йўллар қуриш бўйича йўл ва ер участкалари;
- шахс юзини ва транспорт воситасининг давлат рўйхатидан ўтказиш рақамини интеллектуал видеокамералар орқали аниқлаш тизимларини жорий этиш учун йўл участкалари – 10 йилгача бўлган муддатга;
- пуллик тўхташ жойлари ташкил этиш учун йўл участкалари – 10 йилгача бўлган муддатга;
- бозорлар ва савдо комплексларига туташ ҳудудларда жойлашган автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларини уларнинг негизида автомотранспорт воситалари жойлаштирилганлиги учун ҳақ тўлаш қоидалари бузилганлигини қайд этадиган ахборот тизимларига эга бўлган замонавий пуллик автомобиль сақлаш жойлари ташкил этиш учун – 10 йилгача бўлган муддатга;
- йўл бўйи инфратузилма объектлари, шу жумладан, кемпинглар, мотеллар, ҳайдовчи ва йўловчилар дам оладиган, транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиладиган ва таъмирланадиган бошқа жойларни, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларни қуриш учун ер участкалари – 10 йилгача муддатга.
Шунингдек, пуллик автомобиль тўхташ жойлари ва пуллик автомобиль сақлаш жойларидан фойдаланишдан тушадиган маблағларнинг 30 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми – маҳаллий бюджетга тушади ва камида 70 фоизи хусусий шерикнинг ҳисоб рақамига тушади.
Ўрнатилган интеллектуал видеокамералар ёрдамида аниқланган йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги учун жарималар суммасининг камида 20 фоизи – республика бюджетига ўтказилади, 20 фоизи – маҳаллий бюджетга тушади, 30 фоизи – Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига, 30 фоиздан ортиқ бўлмаган қисми – хусусий шерикнинг ҳисоб рақамига ўтказилади.
18.12.2018
15:08