«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури лойиҳасини янада такомиллаштириш ҳамда фуқаролар билан маслаҳатлашган ҳолда ишлаб чиқиш мақсадида жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилди.
Жамоатчилик муҳокамалари доирасида 4 январь куни Харакатлар стратегияси марказида Давлат дастурининг III банди "ИҚТИСОДИЁТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВА ФАОЛ ИНВЕСТИЦИЯ ЖАЛБ ЭТИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ" мухокамаси бўйича Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Ў.Бутаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Д.Косимов, Харакатлар стратегияси маркази директори А.Бурхонов, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирокида тадбир ўтказилди.
2019 йил Давлат дастури лойиҳаси 253 та банддан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йилнинг 28 декабрь куни Олий Мажлисга тадқим этган мурожаатномасида белгилаб берилган асосий ғоя ва таклифлари ҳамда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий вазифаларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилди.
Кенг жамоатчилик вакиллари, маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирокида бўлиб ўтиши кутилаётган муҳокамалар давомида келиб тушган барча фикр ва таклифлар натижасида Давлат дастури лойиҳаси янада такомиллаштирилади.
«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамалари 2019 йилнинг 15 январига қадар ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳужжат лойиҳаси билан “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан махсус яратилган http://2019.strategy.uz/ веб-сайти ёки Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси https://regulation.gov.uz/ru/document/1678 портали орқали танишиш, фикр ва таклифларни билдириш мумкин.
05.01.2019
11:46