Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси янги қарор лойиҳасини экспертизадан ўтказди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш юсазидан жамоатчилик экспертизасини ўтказувчи ваколатли органдир.
Палата томонидан ушбу ваколатни амалга ошириш мақсадида жамоатчилик экспертизалари ўтказиб келинмоқда. Хусусан, 2018 йил давомида 774 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси Экспертлар кенгашлари томонидан кўриб чиқилиб, улардан 355 тасига салбий хулоса берилган.
Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамасининг “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарида ишчиларнинг сони ва иш ҳақи фондининг энг кам меъёрларини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарори лойиҳаси жамоатчилик экспертизасидан ўтказилди. Натижасига кўра, ушбу лойиҳа юзасидан бир қатор тавсияларни ўз ичига олган жамоатчилик экспертизаси хулосаси берилди.
Чунончи, лойиҳа иловасининг 2-бандига кўра, “Мазкур Низом фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарида маҳсулотлар ишлаб чиқариш фаолиятига тадбиқ этилади ва тавсиявий характерга эга”, - деб белгиланган.
Бироқ, лойиҳа иловасининг 23-бандида “Мазкур низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади”, - деб белгиланган.
Бундан келиб чиқадики, юқоридаги каби тавсияларнинг бажарилмаслиги ҳам жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Аммо, тавсиялар – бу амал қилиниши ихтиёрий бўлган, ҳеч бир жавобгарликка олиб келмайдиган қоидалардир.
Кўринадики, юқоридаги нормалар орқали жиддий номувофиқлик юзага келган.
Лойиҳа орқали тартибга солиниши назарда тутилган муносабатлар амалиётда меҳнат қонунчилиги нормалари билан тартибга солиниши мумкин. Уни алоҳида бир норматив ҳужжатда қатъий белгилаш эса, амалдаги тартибни мураккаблаштириши, тадбиркорлик субъектларига ортиқча мажбуриятлар юклатилишига олиб келиши мумкин.
Лойиҳа орқали фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарида ишчиларнинг сони ва иш ҳақи фондининг энг кам меъёрларини аниқлаш тартибини (тавсиявий характерда бўлган) белгилаш назарда тутилган.
Аммо, амалиётда бундай тавсиявий характердаги ҳужжат Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва Меҳнат вазирлигининг қўшма қарори (2016 йил 1 августдаги 27/24ққ) билан тасдиқланганлигини инобатга олиб, уни Вазирлар Маҳкамаси қарори шаклида қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги масаласини қайта кўриб чиқиш тавсия этилади.
Палата томонидан мазкур Хулосани берилишида тадбиркорлик субъектларига ортиқча мажбуриятлар юкламаслик ҳамда ушбу соҳадаги муносабатларни амалдаги мавжуд қонунчилик нормалари орқали ҳал этиш масалаларига алоҳида аҳамият берилди.
Ўз ССП Ахборот хизмати
08.02.2019
16:52