Халқаро кўргазмалар иш бошлади
“Ўзэкспомарказ”да UzBuild қурилиш маҳсулотлари, Aqua-Therm Tashkent иқлим ва сув таъминоти ускуналари ҳамда MebelExpo Uzbekistan мебель ва ёғочга ишлов бериш бўйича ихтисослашган халқаро кўргазмалар очилди.
Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик компанияси, “Ўзкоммунхизмат” агентлиги, Савдо-саноат палатаси, “ITE Uzbekistan” халқаро кўргазма компанияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, иштирокчилар ва экспертлар ўртасида мазкур ихтисослашган кўргазмаларга қизиқиш йил сайин ортиб бормоқда. Бу Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз иқтисодиёти жадал ривожланаётгани ва бизнес субъектлари ўртасида замонавий технологияларга бўлган талаб ортиб бораётгани самарасидир. Чунончи, 2015 йилда “Қурилиш ва интерьер” кўргазмаси 14 мингга яқин кишини ўзига жалб қилди. Жорий йилда кўргазмалар янада қизиқарли бўлмоқда. “Ўзэкспомарказ” майдонларида дунёнинг турли мамлакатларидан қарийб 300 компания ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда.
UzBuild кўргазмаси ўн еттинчи марта ўтказилмоқда. Бу унинг мамлакатимиз қурилиш саноатида тутган ўрнидан далолат беради. Кўргазма тармоқ экспертлари ва тадбиркорларни бирлаштириб, замонавий технологияларни намойиш қилиш ва тажриба алмашиш майдонига айланган. Жорий йилда кўргазмада Австрия, Беларусь, Бирлашган Араб Амирликлари, Германия, Дания, Испания, Италия, Озарбайжон, Польша, Россия, Финляндия, Хитой ва бошқа мамлакатлардан 140 компания иштирок этмоқда. Улар эшик-ром, лок-бўёқ, пардозлаш материаллари, ёритиш ва электр техникаси каби кенг турдаги маҳсулотларни тақдим этмоқда. Қурилиш материаллари, керамика ва пардозлаш тошлари бўлимида қатнашаётган мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари фаоллиги эътиборга лойиқ.
Кўргазма иштирокчиларининг 75 фоизини халқаро компаниялар ташкил қилмоқда. Бу қурилиш саноатининг дунёга таниқли вакилларининг ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорлиги изчил ривожланаётганидан далолат беради.
– Ўзбекистон бозори турли замонавий маҳсулотларга бой, – дейди Италиянинг “San Marco” компанияси технологи Элвис Мартини. – Бу мамлакатингизда қурилиш саноати жадал ривожланаётгани ва қурилиш материалларига бўлган талаб ошиб бораётганидан далолат беради. Шу боис, Ўзбекистоннинг “Версаль НКО” компанияси билан декоратив сувоқ материаллари ва барча турдаги бўёқ ишлаб чиқариш ҳамда сотиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйдик. Соҳа мутахассислари учун биргаликда маҳорат сабоқлари ташкил этмоқдамиз.
Aqua-Therm Tashkent иқлим ва сув таъминоти ускуналари экспозицияси UzBuild кўргазмасини тўлдирмоқда. Ташкилотчиларнинг фикрича, ушбу икки муҳим сигментнинг ҳамкорлиги қурилиш бозорининг барча иштирокчилари ўртасидаги мулоқотнинг самарадорлигини таъминлайди.
Жорий йилда кўргазмада 12 мамлакатдан 50 компания иштирок этмоқда. Улар орасида уй-жой ва коммунал хўжалиги ҳамда бошқа соҳалар учун энергия самарадорлиги юқори бўлган технология ва материалларнинг илғор ечимларини таклиф қилаётган нуфузли ишлаб чиқарувчилар кўп. Кўргазмада иситиш, ҳавони тозалаш ва совутиш, сув таъминоти, қувурлар ва фитинглар бўлимлари эътиборни тортмоқда. Тадбирда Хитойнинг тўртта компанияси ва мамлакатимизнинг “Akfa” миллий холдинги илк маротаба иштирок этмоқда. “Akfa” миллий холдинги Royal савдо белгиси остидаги сув иситгичлар ва Lider Line® брендидаги алюминий радиаторларни намойиш қилмоқда.
– Aqua-Therm Tashkent кўргазмаси Ўзбекистонда компаниямиз филиалини ташкил этишга ундади, – дейди “Youngsan” компаниялар гуруҳининг МДҲ мамлакатлари бўйича ижрочи директори Чонг Ман Су (Жанубий Корея). – Ўзбекистонлик шерикларга хусусий ва кўп хонадонли уй-жойлар, дала ҳовлилар учун сув ва биноларни иситадиган кичик буғ қозонларини таклиф қиляпмиз. Самарали ҳамкорлигимиздан мамнунмиз ва алоқаларимиз янада кенгайишига умид қиламиз.
Қурилиш саноатининг жадал ривожланаётгани мебель ишлаб чиқариш соҳасини жонлантиришга хизмат қилмоқда. Шу боис, MebelExpo Uzbekistan кўргазмаси барча иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Жорий йилда алоҳида павильонга жойлаштирилган экспозиция бир неча, жумладан, “Ёғочга ишлов бериш ускуналари” ва “Ёғочга ишлов бериш анжомлари” каби бўлимларни ўз ичига олган.
Кўргазмада 15 мамлакатдан 90 дан ортиқ компания ўз стендларини намойиш қилмоқда. Иштирокчилар орасида Австрия, Германия, Италия, Литва, Хитой, Польша, Россия, Словения, Чехия, Швеция, Япония ва бошқа мамлакатлар вакиллари бор.
Словения, Германия ва Туркия компаниялари “Мебель кимёси” бўлимида одатдагидек етакчилик қилмоқда. “Мебель ишлаб чиқариш учун хомашё ва материаллар” бўлимидаги турли таклифлар иштирокчиларга манзур бўлмоқда. Бу ерда шпон, мебель фурнитураси, тахта қирраси, қоғоз ва декорлар, профиль ва панеллар тақдим этилмоқда. Кўргазмада мамлакатимиз вакилларининг сафи тобора кенгайиб бораётгани қувонарли. 2015 йилда 17 компания иштирок этган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 26 тага етди. Уй ва офис мебеллари, интерьер ва дизайн буюмлари, бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, дилер ва дистрибьютерлар шулар жумласидандир.
Бугунги кунда мамлакатимизда мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган қарийб 1,5 минг корхона фаолият юритмоқда. 2015 йил якунлари бўйича соҳа корхоналарининг маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 468 миллиард сўмдан ошди. MebelExpo Uzbekistan кўргазмаси уларга янги шериклар топиш, самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ва манфаатли шартномалар тузиш имконини бермоқда.
– Мамлакатимизда мебель ишлаб чиқарувчилар ўз фаолиятини янада ривожлантириши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда, – дейди “Эл Эъзоз” МЧЖ директори ўринбосари Олим Исроилов. – Бунинг самарасида йигирма йилдан буён харидорларга сифатли ошхона, меҳмонхона ва ётоқхона мебелларини таклиф қилиб келяпмиз. 2015 йилда қарийб икки миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқардик. Халқаро кўргазмалардаги иштирок хорижий компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, экспорт салоҳиятини юксалтириш ва зарур асбоб-ускуналарни харид қилиш имконини бермоқда.
– Ўзбекистон мебель саноати йил сайин жадал ривожланмоқда, – дейди “Duerkopp Adler AG” компаниясининг савдо менежери Андрей Олферт (Германия). – Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг кенг турдаги маҳсулотлари намойиш қилинаётган ушбу кўргазма бунинг ёрқин тасдиғидир. Ушбу маҳсулотлар юқори сифат ва замонавий дизайнга эга. Компаниямиз томонидан таклиф қилинаётган тикув машиналари ишлаб чиқарувчиларга ўз имкониятлари ва маҳсулот турларини кенгайтиришга ёрдам беради, деб ўйлайман.
Бир-бирини тўлдириб турган, кенг турдаги таклифларга бой ушбу халқаро кўргазмалар саноатнинг замонавий тенденцияларидан бохабар бўлиш имконини бермоқда.
Манба: ЎзА.
Меҳрибон Маметова, Сарвар Ўрмонов (сурат)
04.03.2016
11:56