Ўзбекистон ва Қозоғистон тадбиркорларининг бизнес учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида савдо иқтисодий алоқаларни ривожлантириш мақсадида 2019 йил 13 март куни Қозоғистон ва Ўзбекистон тадбиркорларининг қурилиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари, ун-дон маҳсулотлари, дори воситалари ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва ўзаро савдони ташкил этиш бўйича бизнес учрашув бўлиб ўтди.
Ушбу бизнес форумда 40 дан ортиқ Қозоғистон компаниялари ҳамда республикамизнинг 150 га яқин компаниялари иштирок этдилар.
Форум давомида Қозоғистондан ташриф буюрган ишбилармонлар Ўзбекистонда яратилган инвестицион муҳит, иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.
Икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари иштирокидаги «В2В» учрашувида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари, жумладан, икки мамлакат корхоналарининг ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.
Таъкидлаш жоизки, 2018 йилги ўзаро товар айланмасининг ҳажми 3 022,4 млн. АҚШ долларини ташкил этди (+47%), улардан 1 457,7 млн.долл. АҚШ доллари экспорт (+37,8%), 1 564,7 млн. АҚШ доллари импортга тўғри келади (+56,8%).
Асосий экспорт маҳсулоти табиий газ, мева ва сабзавотлар, хизматлар ва пластмассалар ва улардан маҳсулотлар ҳисобланади. Қолган экспорт ҳажми тўқимачилик маҳсулотлари, металлар, ўғитлар ва бошқаларни ташкил этди.
Импорт: қора металл, буғдой ва буғдой уни, нефт ва нефт маҳсулотлари, оҳак ва цемент, айчичек уруғи, алюминий, пахта ва соя ёғи, сабзавотлар ва бошқалар.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Қозоғистон сармояси иштирокида 336 та қўшма корхона фаолият юритмоқда. 287 қўшма корхона ва Қозоғистоннинг 16 та компаниясининг ваколатхоналари аккредитациядан ўтган.
Мазкур корхоналарнинг асосий фаолият йўналишлари савдо операциялари, транспорт-логистика ва бошқа хизматлар кўрсатиш, қурилиш материаллари ва халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришдан иборатдир.
Ўз навбатида, Қозоғистонда, Ўзбекистон Республикаси резидентлари иштирокида 199 та корхоналар (қўшма корхоналар, савдо уйлари ва филиаллар) ташкил этилган.
Ўз ССП Ахборот хизмати
13.03.2019
19:13