Ўз ССП да Жаҳон ҳунармандлар Кенгашининг Осиё - Тинч океани минтақаси бўйича президенти билан учрашув бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг 3 апрель куни Жаҳон ҳунармандлар Кенгаши (WCC)нинг Осиё - Тинч океани минтақаси бўйича президенти Гада Каддуми Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Ташриф давомида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов ва “Ҳунармандлар” уюшмаси раиси У.Абдуллаевлар иштирокида 4 апрель куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида учрашув бўлиб ўтди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси шу йилнинг март ойида Жаҳон ҳунармандлар Кенгаши (WCC)нинг аъзоси бўлди ва ушбу учрашувда икки томонлама ҳамкорлик алоқалари муҳокама қилинди.
Ушбу ташкилот 1964 йилда Халқаро ташкилот сифатида Бельгияда рўйхатга олинган бўлиб, жаҳон ҳунармандчилигини ривожлантириш, ҳунармандларнинг ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, ҳунармандчилик соҳасида фаолият юритадиган ташкилотларни ўзаро ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш мақсадида фаолият олиб борувчи нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланади.
Гада Каддумининг мамлакатимизга ташрифи ва ўзбек халқ амалий саънати билан яқиндан танишиши “Ҳунарманд” уюшмасининг халқаро фаолиятининг янги босқичга олиб чиқади. Хусусан, WCC га аъзо ҳунармандчилик фаолиятни қўллаб қувватлайдиган дунёдаги йирик ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ҳунармандчиликни янада кенг тарғиб этиш ва ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт ҳажмини кенгайтиришда замин бўлади.
Ташриф дастури доирасида Гада Каддуми Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро бахшичилик санъат фестивалида иштирок этади. Бу ерда фестиваль доирасида юртимиз ҳунармандлари томонидан ташкил этилган ҳунармандчилик кўргазмаси билан таништирилади. Кўргазмада республикамизнинг барча ҳудудларидан 34 та йўналишда 200 нафардан ортиқ ҳунармандлар иштирок этади. Бу ерда ҳунармандлар томонидан маҳорат дарсларини, авлоддан авлодга ўтиб келаётган анъана ва қадриятлар асосида сайқал топиб келаётган усто-шогирд мактаблари билан ҳам таништирилади.
Шунингдек, 7-8 апрель кунлари Фарғона вилоятнинг Қўқон шаҳрида Гада Биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивали доирасида олиб борилаётган тайёргарлик жараёнлари, Риштон ҳунармандчилик мактаби билан танишади. Шунингдек, Фарғона ҳамда Қўқон шаҳар ҳокимлари билан учрашувларда иштирок этади.
Таъкидлаш лозимки, халқаро ҳунармандчилик фестивалига дунёнинг 70 дан ортиқ мамлакатларидан ҳунармандлар иштироки кутилмоқда.
Ўз ССП Ахборот хизмати
04.04.2019
17:49