Ўзбекистон-Австрия ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича комиссиясининг 7-йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан Ўзбекистон-Австрия ўртасидаги ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича комиссиясининг 7-йиғилиши доирасида бугун, 9 апрел куни икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форум ҳамда «В2В» форматидаги учрашув бўлиб ўтди.
Австрия делегацияси таркибидан соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат саноати, транспорт, сайёҳлик, қурилиш, кимё маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа соҳаларда фаолият кўрсатаётган 26 та этакчи компания вакиллари ўрин олган.
Форум давомида Австрия делегация вакиллари Ўзбекистонда инвестицион муҳитни янада яхшилаш, иқтисодиётни либераллаштириш, тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.
Икки мамлакат ишбилармон доира вакиллари иштирокидаги «В2В» учрашувида Ўзбекистон ва Австрия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари, жумладан, икки мамлакат корхоналарининг ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш бўйича ўзаро фикр алмашилди. Унда 60 дан зиёд маҳаллий ва етакчи тадбиркорлик субъектлари иштирок этдилар.
Таъкидлаш жоизки, 2018 йилда икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айланмасининг ҳажми 108,4 млн. АҚШ (+40,0%) долларини ташкил этди. Шундан, 5,4 млн.долл. АҚШ доллари экспорт (+26,0%), 102,9 млн. АҚШ доллари импортга тўғри келади (+46,3%).
Асосий экспорт маҳсулотларига хизматлар, минерал ёнилғи, оорганик кимё маҳсулотлари, мева ва ёнғоқлар, қора металлардан олинган маҳсулотлар ва бошқалар киради.
Импорт маҳсулотларига эса ядро реакторлари ва қозонлари, фармацевтика маҳсулотлари, жонли ҳайвонлар, қуруқлик транспорти, қора металлар маҳсулотлари, қоғоз ва картон, оптик асбоблар ва ускуналар, темир йўл локомотивлари, хизматлар, озиқ-овқат саноати қолдиқлари ва чиқиндилар ва бошқа кимёвий маҳсулотлар, пластмассалар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар ўрин олган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 44 та қўшма корхона фаолият юритмоқда. 28 қўшма корхона ва 14 та корхона 100% Австрия капитали асосида фаолият юритиб келмоқда.
Ўз ССП Ахборот хизмати
09.04.2019
17:30