“Шаҳар юқори технологик инфратузилмаси"
29 май куни Ўзэкспомарказда “Шаҳар юқори технологик инфратузилмаси“ мавзусида Ўзбек-Япон 3-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Конференцияда Савдо-саноат палатаси раиси у́ринбосари Ф.Усманов ва бир қатор вазирлик ва идора вакиллари шунингдек, Туркия қурилиш ва инвестицион компаниялари иштирок этдилар.
Тадбирни кириш сўзи билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Япониянинг Ер, инфратузилмалар, транспорт ва туризм вазирининг парламент ўринбосари Норихиро Саканэ ҳамда Япониянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ито Нобуаки очиб берди.
Конференцияда Япония тарафдан кичик ва ўрта бизнес вакиллари қатнашар экан, 12 та компания билан келгусида қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди:
- “Ақлли шаҳар” инфратузилмасининг қурилиши;
- туризмни ривожлантириш;
- электр жиҳозлари ишлаб чиқариш, инжиниринг ва консалтинг;
- табиий офат оқибатларини бартараф этиш.
Бундан ташқари, инфратузилмаларни барпо этиш масаласида биргаликдаги ҳаракатларни мувофиқлаштириш мақсадида хусусий сектор даражасидаги Туркия вакиллари конференция ишида фаол иштирок этдилар. Япон ва турк компаниялари вакиллари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан инфратузилмаларни ташкил этиш, шунингдек иқтисодиётнинг реал секторида амалга ошириладиган тадқиқотлар ва ишланмаларни инвестициялаш тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Бугунги кунда мамлакатимизда иқтисодиётни барқарор ривожланиши, аҳоли яшаш сифатини ошириш мақсадида кенг миқёсдаги яратувчанлик ишлари ва ишлаб чиқаришни модернизациялаш амалга оширилмоқда. Бу йўналишда бошқа ривожланган давлатлар қаторида Япониянинг ҳам тажрибасидан фойдаланиб келяпмиз.
Хусусан, япониялик мутахассислар билан ҳамкорликда Тошғузор-Бойсун-Қумқўрғон темир йўли қурилган. Самарқанд, Бухоро, Урганч халқаро аэропортлари модернизациялаштирилди. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ-кимё комплекси ва Кўкдумалоқ конидаги компрессор станцияси қурилди, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи қайта қурилиши амалга оширилди. Шунингдек, Қарши-Термез темир йўл линияси электрлаштирилди, Навоий иссиқлик электр станцияси кенгайтирилди, Толимаржон ИЭСда иккита буғ-газ қурилмаси ўрнатилди.
Конференцияда япониялик тадбиркорлар Ўзбекистонда замонавий талабларга кўра шаҳарсозлик ишларини олиб борилишининг ривожланиши, инфратузилмаларнинг мукаммаллаштирилиши иқтисодиёт тараққиёт омили бўлади, дея таъкидладилар. Инфратузилма объекларини модернизациялаш, автомобиль ва темир йўл тизимларини ривожлантириш, ахборот-коммуникацион технологиялар, табиий офатларнинг олдини олиш ва бошқа соҳаларда ўзаро фойда келтирадиган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар берилди.
Конференция доирасида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожаланиш вазирлиги ҳамда Япониянинг Ер, инфратузилмалар, транспорт ва туризм вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ўз ССП Ахборот хизмати
30.05.2019
09:37