“Doing Business” with Namangan-2019” Халқаро инвестиция форумига старт берилди.
Бугун, 7-июн куни Наманган шаҳридаги “Шодиёна” мажмуасида “Doing Business” with Namangan-2019” Халқаро инвестиция форуми бошланди. Форум доирасида наманганлик ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтади.
Форумни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов очиб берди. Шу билан бирга, тадбирда Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов иштирок этиб, Ўзбекистоннинг инвестицион салоҳияти ва хорижий давлатлар билан ўзаро ҳамкорликга доир тақдимоти билан қатнашмоқда.
Форумда Туркия, Ҳиндистон, Хитой, Россия, Германия, БАА, Франция каби 40 га яқин хорижий давлатнинг 300 дан зиёд вакиллари ва 18 элчи қатнашмоқда.
Бундан ташқари, тадбирда дипломатик корпуслар ҳамда қатор хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишмоқда.
Форум доирасида 300 миллион доллардан ортиқ қийматга эга инвестицион битимлар пакети ва шартномалар имзоланиши кутилмоқда.
Тадбир доирасида “Hyundai”, “Evergreen International”, “Bin Hamoodah Group”, “Phoenix Global DMCC”, “Ramada”, “Schneider Electrics”, “Daewon Wool Textile”, “SUEZ”, “Deutsche Bank”, “SixClouds Pte” каби етакчи компаниялар вакилларидан иборат хорижий ишбилармон доиралари билан учрашувлар ўтказилади.
Таъкидлаш жоизки, бизнес-форумнинг чет эллик иштирокчилари бугун эрталаб Наманганга етиб келишди. “Doing Business” with Namangan-2019” Халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун вилоятга ташриф буюрган хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик миссиялари, нуфузли ишлаб чиқариш, савдо, транспорт, хизмат кўрсатиш компаниялари, йирик сармоядорлар ва бизнес доиралари вакиллари Наманган халқаро аеропортида ўзбекона меҳмондўстлик удумларига кўра тантанали кутиб олинди.
07.06.2019
15:00