“Ташаббус-2019” кўрик-танловининг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ўтказиладиган «Ташаббус-2019» кўрик-танловини юқори савияда ташкил этиш тўғрисида»ги 278-Ф-сонли фармойишини вилоятда ижросини таъминлаш бўйича Сирдарё вилоят ҳокимининг 2019 йил 17 апрелдаги фармойиши қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ўтказиладиган “Ташаббус-2019” кўрик-танловининг вилоят босқичи Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида жойлашган Тўра Сулаймон номидаги Амфитеатри биносида бўлиб ўтди.
Кўрик-танловда Ўзбекистон Савдо-Саноат палатаси раиси А.Икрамов, вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев, туман ва шаҳарлардан масъуллар, нуронийлар ҳамда мутасадди корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирок этишди. Тадбирда вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев сўзга чиқиб, бугунги кунда Ҳукуматимиз томонидан тадбиркорларга, фермерлар ва ҳунармандларга берилаётган эътибор, уларга яратилаётган шарт-шароитлар тўғрисида тўхталиб ўтди.
Кўрик-танловда вилоятнинг барча ҳудудларидан ҳамда Фарғона ва Наманган вилоятларидан ташриф буюрган тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотлари билан иштирок этишди.
Шунга кўра, асосий номинациялар бўйича:
- Саноат соҳасида – “Йилнинг энг яхши тадбиркори” номинацияси буйича I ўринни Мирзообод туманида фаолият кўрсатаётган “MIRZOOBOD UNIVERSAL” МЧЖ;
- Хизмат кўрсатиш соҳасида – “Йилнинг энг яхши тадбиркори” номинацияси буйича I ўринни Сайхунобод туманида фаолият кўрсатаётган “SAYXUNOBOD PLANET” МЧЖ;
- “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” номинацияси буйича I ўринни Сайхунобод туманида фаолият юритаётган “SAYXUN MAISHIY SAVDO” МЧЖ;
- “Йилнинг энг яхши фермери” йўналишида I ўринни эса, “MUROD” ФХ;
- “Йилнинг энг яхши ҳунарманди” йўналишида I ўринни ЯТТ Ибодуллаева Салима эгаллаб кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритишди.
“Ташаббус-2019” кўрик-танловининг вилоят босқичини янада юқори савияда ўтказиш мақсадида бизнес-форум ва савдо ярмаркалари бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда Сирдарё вилояти ва бошқа ҳудудлардан ташриф буюрган ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари ва таъминотчи корхоналар иштирокида арзонлаштирилган ва қулай нархларда маҳсулотлар ва ускуналар савдо кўргазмаси бўлиб ўтди.
Шунингдек, “Ташаббус-2019” кўрик-танловининг вилоят босқичини янада кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида “Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси” томонидан 5 тонналик мега палов тайёрланиб, вилоятдаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон аҳоли қатламига тарқатилди ҳамда эстрада юлдузлари ва шоу-бизнес вакиллари иштирокида концерт дастури бўлиб ўтди.
Ўз ССП Ахборот хизмати
10.06.2019
16:11